Сўнгги 3 ойда 5 та МТТда турли сабаблар билан болалар ўлими қайд этилди. Фарғонада 4 ёшли бола сувда чўкиб, Шаҳрисабзда 8 ёшли қизалоқ баданига шиша синиқлари кириши туфайли кўп қон йўқотиб, Наманганда 5 ёшли бола тилини чайнаб ҳаётдан кўз юмди. Бундан ташқари, яқинда Фарғона ва Навоий вилоятларидаги боғчаларда болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳам қайд этилди. Умуман, бу каби нохушликларнинг пайдар-пай содир бўлаётгани хавотирга солмоқда.

Бу, албатта, мактабгача таълим тизимида муаммолар борлигидан дарак беради.

Kun.uz бирмунча аввал Мактабгача таълим вазирлигида ишлаган, соҳадан бохабар бир мутахассис билан суҳбатлашди.  

Мафтуна Шарипованинг (қаҳрамонимиз шахсини очиқлашни истамади, шу сабабли исм-фамилияси ўзгартириб берилмоқда — Д.Ш.) айтишича, боғчаларда бу каби ҳолатлар олдин ҳам юз берган. Унинг юзага келиши эса анча йилдан бери шаклланиб келаётган муаммолар билан боғлиқ.

Соҳа номутахассисларга тўлган

Кўп ҳолларда боғчаларда, Мактабгача таълим вазирлигининг вилоят ва туман бошқармаларида номутахассислар ўтиради. Хўп, буни қўя турайлик, биргина боғча директорлигини олсак ҳам шу аҳвол. Масалан, ҳозир мактабларда махсус сертификатга эга бўлган кадргина мактаб директорлигига тайинланяпти. Мактабгача таълимда эса бундай тизим йўқ. Ким қанча ёки нима беришига қараб, ходимлар ишга олинади. Мудиралар эса умуман бу соҳадаги мутахассислар ҳам бўлмайди. Соҳани тушунмаганидан кейин таълим жараёнини қандай қилиб назорат қилсин?!