Октябр ойи бошида Россиянинг Украинадаги бирлашган қўшинлари қўмондонлигига тайинланган армия генерали Сергей Суровикиннинг Херсон бўйича «нооддий қарорлар» қабул қилиниши истисно этилмаслиги борасидаги баёнотини айримлар Херсондан ва Днепр дарёсининг ўнг соҳилидан буткул чекинишга тайёрланиш сифатида баҳолаётган бўлса, бошқалар ўнг соҳилда эгалланган ҳудудларда охиригача ҳимояланиш бўйича қатъият кўрсатилиши деб талқин қилмоқда.

Сешанба куни кечқурун Суровикин Россия қўшинларининг Херсондаги ҳаракатлари ҳарбий-тактик вазиятга боғлиқ бўлиши ва «бугунги кунда у ерда вазият анча қийинлашгани» ҳақида гапирди. Унинг чиқиши «Россия 24» телеканали орқали эфирга узатилди. Бу ушбу генералнинг 8 октябр куни Россия қўшинларининг Украинадаги гуруҳи қўмондони этиб тайинланганидан буён берган илк баёноти бўлди.

Суровикин Херсон аҳолиси учун жуда қийин вазият юзага келгани - Антонов кўприги ва Кахова ГЭС тўғони HIMARS реактив снарядлари томонидан шикастлангани, улар бўйлаб ҳаракатланиш тўхтатилгани, озиқ-овқат етказиб бериш мураккаблашгани, ичимлик суви ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини айтиб ўтган.

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчиларимиз ҳаётини максимал даражада сақлаб қолиш заруратидан келиб чиқамиз. Биз онгли равишда, ўз вақтида, оддий бўлмаган қарорлар қабул қилинишини истисно этмаган ҳолда ҳаракат қиламиз», деган генерал.

Тахминан шу вақтда Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари Владимир Сальдо Днепр дарёсининг ўнг соҳилидаги тўрт район аҳолиси эвакуацияси ҳақида эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Украина қуролли кучларининг кенг кўламли ҳужуми кутилаётгани, Кахова ГЭС тўғони вайрон бўлиши ҳамда областнинг улкан ҳудудларини сув босиш хавфи юзага келгани билан боғлиқ.

Сальдо чоршанба куни Херсон областининг 60 минг аҳолиси Днепр дарёсининг чап соҳилига кўчирилиши режалаштирилаётгани, бунга олти кун вақт кетишини айтди.

Октябр ойи бошида Украина ҳарбий бўлинмалари Днепрнинг ўнг соҳилида россияликлар мудофаасини ёриб ўтиб, Берислав ва Кахова ГЭС йўналишларида илгарилай бошлади. Натижада Херсондаги Россия қўшинлари қуршовга тушиш хавфи реаллашди.

Херсон - икки томон учун ҳам муаммо

Россия армияси Украинага босқиннинг илк кунларидаёқ ортиқча қаршиликсиз эгаллаган Херсон ҳудудида Россиянинг улкан гуруҳи жойлаштирилган - очиқ манбаларга кўра, 15-20 минг ҳарбий хизматчидан иборат қўшин.