Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат реестридаги очиқ маълумотларни Миллий географик ахборот тизими орқали тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унда қуйидагилар белгиланган: очиқ маълумотларни давлат бошқаруви органлари, жисмоний шахслар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа юридик шахсларга тақдим этиш тартиби; очиқ маълумотларни тақдим этиш шартлари ва муддатлари; очиқ маълумотлар учун тўловларни амалга ошириш тартиби; оммавий геопортал оператори вазифалари.
Кадастр агентлиги Миллий геоахборот тизимида очиқ маълумотлар асосида оммавий геопортални юритади, у 2023 йил 1 январга қадар ишга туширилади.
Кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ишлари фақат ахборот тизими орқали электрон тарзда амалга оширилади. Давлат кадастрларини юритувчи ваколатли органлар 2022 йил охирига қадар ўз маълумотлар базалари ахборот тизимига тўлиқ интеграция қилинишини таъминлайди.
2024 йил 1 январга қадар давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари амалда фойдаланиб келаётган, бироқ ер ажратиш ҳақида қарор қабул қилинмаган ер участкаларини расмийлаштириш ишларини якунлаши керак.
Малака шаҳодатномасига эга бўлган кадастр муҳандислари ахборот тизимидан фойдаланилгани учун ҳар ойда 1 БҲМ миқдорида тўловни амалга оширади.
Очиқ маълумотлар оммавий геопортал орқали давлат бошқаруви органларига бепул, жисмоний шахслар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа юридик шахсларга эса тўлов эвазига тақдим этилади.
Фойдаланувчилар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат реестридаги ер участкаси кадастр рақами, унинг манзили ва ундан фойдаланиш мақсади тўғрисидаги маълумотларни бепул олиши мумкин.














