2022 йил 6 сентябрь куни e-auksion платформаси орқали ўтказилган савдоларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Марказий қўрғон маҳалласи ҳудудидаги 397,9 гектар ер майдони 999 млрд 999 млн 999 минг сўмга 30 йилга ижарага олинган.
Онлайн-аукцион ғолиби – Пискент тумани ҳокими Рихсиев Раҳимжон Мирқодирович.
Бу харид ижтимоий тармоқларда танқидга учраганидан кейин, Раҳимжон Рихсиев изоҳ беришга қарор қилди. Унинг видеомурожаатини Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилди.
“Ҳақиқатан ҳам бу ҳолат бўлган. Қайси маънодаки, бугунги кунда ер ажратиш тартиби ҳокимлардан олиб қўйилган, фақатгина шаффоф механизмлар, яъни e-auksion орқали берилади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сонли қарори билан тартибга солинади. Қишлоқ хўжалиги ерлари e-auksion орқали ижарага берилмоқда. Туманда бу борада муаммоли ҳолатлар бор. Хусусан, ғолиблар бугунги кунда ернинг қийматини, ундан олинадиган даромаднинг сарҳисобини қилмасдан, [аукционда] ғолиб бўлиб, ерларга эгалик қилишмоқда. Яъни тадбиркорлар “А”, “Б” ва “В” блоклари шартлари бўйича ғолиб бўлишмоқда. Агар туман ҳокимлари 5 кун ичида ижара шартномасини имзоламаса, дастур ижара шартномасини автоматик равишда имзолайди”, – деди ҳоким.
Раҳимжон Рихсиевнинг сўзларига кўра, Пискент туманида бир неча фуқаролар 100 миллиард, 250 миллиард, 400 миллиард, шунингдек, 1 триллион сўмга қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага олишган, буни эшитган ҳокимда улар шунча суммани ҳақиқатан ҳам тўлайдими деган савол пайдо бўлган.
“Бу ҳақда менга айтишганида, очиғи, бу платформада бунақа бўлмаса керак деб, менда ишончсизлик бўлди. Шунинг учун ўзим қизиқиб қатнашдим. Пискентдан бошқа туманларни қараганимда, Оҳангарон туманида 397 гектар яйлов ерлари турган экан. Қатнашиб, ҳақиқатан ҳам ютса бўладими, деган саволга жавоб қидирдим.
Битта масалани кўтаришдан аввал унинг ичига кириб кўришингиз керак. Мен тўлов қиймати деган жойига сиғиши мумкин бўлган энг катта рақам – 999 млрд 999 млн 999 минг сўм, яъни салкам 1 триллион сўмни кўрсатдим ва 30 йил муддатга ижарага олиш бўйича ғолиб деб топилдим. Шундан кейин тартиби бўйича 5 кун ичида ижара шартномаси имзоланди. Ижара шартномасининг ижара ҳақи деган қисмидан келиб чиқиб, қўйилган суммани тўлайдими, тўламайдими деган саволга аниқ бир ечимни айта олаётганимиз йўқ. Ютган ғолибга ҳам, қатнашаётган фуқароларга ҳам. Шу сабабли шу нарсага қўл урдим. Очиғини айтганда, бунчалик резонанс беради деб ўйламагандим”, деди у.











