Бу ҳақда президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги ПФ–243-сон фармонида белгиланди. Ҳужжат 11 ноябрдан кучга кирди.
Ҳокимлик бошқарув аппарати 14 нафар ходимдан иборат бўлади. Тузилмада ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва яна икки ўринбосари, ёрдамчи, ахборот хизмати раҳбари, ташкилий-назорат гуруҳи ҳамда бошқа масъул ходимлар фаолият юритади.
Шаҳарда давлат органлари ва ташкилотларининг 16 та бўлинмаси учун жами 30 та штат бирлиги белгиланган. Улар тегишли идораларнинг амалдаги умумий штатлари доирасида ташкил этилади.
Янги Тошкент ҳокимлиги тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилгунига қадар фаолият юритади. Ҳокимлик ва давлат идораларининг бўлинмаларига дирекцияга доимий фойдаланиш учун берилган ҳудудларда Тошкент вилояти ҳамда туманларидаги тегишли органлар ваколатига кирувчи масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилади.
Ҳокимликни сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилади. Ҳокимлик ва давлат идораларининг бўлинмалари вақтинча собиқ «Янги Тошкент» лойиҳаси офиси биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади.
Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бир ой ичида шаҳарда ўз тузилмаларини ташкил этиш топширилди.
Вазирлар Маҳкамаси ўн кун ичида ҳокимликни ташкил этишга доир ташкилий-техник чораларни ишлаб чиқиши, уч ой ичида эса Янги Тошкентнинг маъмурий-ҳудудий мақоми бўйича таклиф киритиши керак.













