“Ўзагроэкспортбанк” яширинча сотиб юбориляптими?
“Ўзагроэкспортбанк”даги 100 фоиз давлат улуши очиқ тендерсиз хусусий компанияга ўтказилиши мумкин. Марказий банк, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги бу борадаги саволларга жавоб бера олмаяпти.
Жорий йилнинг 23 феврал куни тузилган битим бўйича, Россиянинг “Совкомбанк”и “Ўзагроэкспортбанк”даги 100 фоиз давлат улушини 4 миллион долларга сотиб олиши керак эди.
Украинага бошланган босқин фонида АҚШ ҳукумати февраль ойи охирида “Совкомбанк”га нисбатан санкциялар киритди. Кейинчалик бир қатор бошқа давлатлар томонидан ҳам худди шу каби қарорлар қабул қилинди.
Шундан кейин “Совкомбанк” Давлат активларини бошқариш агентлиги билан тузилган битимни бир томонлама бекор қилди ва “Ўзагроэкспортбанк”ни хусусийлаштириш жараёни тўхтаб қолди.
Молиячи Отабек Бакиров “Ўзагроэкспортбанк” ташқи олигархия билан аффилланган компаниялардан бирига ҳукуматнинг ёпиқ қарори билан сотилаётгани ҳақида ёзди.
“Компания номи, у билан аффилланган шахслар, битим шартлари ва суммаси бизга маълум. Фақат нима учун ҳукумат сотувга қўйилган давлат банкларидан бирини шаффоф бўлмаган воситалар ва механизмлар орқали, яна ёпиқ қарор билан реализация қилаётгани тушунарсиз.
Ёпиқлик, ҳатто тижорий битимлардаги махфийлик ўзбек ҳукуматининг ташриф қоғозига айланиб бўлди. Шаффофликни, очиқ рақобатни, хусусийлаштиришда умумқабул қилинган стандарт ва қоидаларни тўғри деб билганлар ўзларига бошқа макон ва балки бошқа замонни танлаганлари маъқул”, дея таъкидлади Бакиров.
Gazeta.uz'нинг хабар беришича, “Ўзагроэкспортбанк”даги давлат улушини инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан Support Level компаниясига ўтказиш режалаштирилган бўлиши мумкин.
“Эҳтимол, бундай мажбуриятлар лицензия талабларига мувофиқ капитални минимал даражага (100 млрд сўм) етказиш билан боғлиқ бўлади”, дейилади Gazeta.uz хабарида.
“Support Level” МЧЖ 2015 йил 27 августда Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури – ходимлар билан ишлаш. Компаниянинг 100 фоиз улуши Шодиев Олимжон Қосимовичга тегишли, раҳбари — Искандар Усмонов.
Олимжон Шодиев – Навоий кон-металлургия комбинати Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси, кенгаш раиси Жамшид Қўчқоровнинг ўринбосари ҳисобланади.
Шунингдек, у Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар молия бозорларида фаолият юритувчи “ИФГ Контитент” инвестиция компаниялари гуруҳи аффилланган шахслари қаторига киритилган.
“Евросиё банки” облигациялар эмиссияси проспектида Олимжон Шодиев Izarus Investment B.V. (Люксембург) раҳбари сифатида аффилланган шахс этиб белгиланган. Ҳужжатда миллиардер Фаттоҳ Шодиев оиласининг бошқа аъзолари, жумладан унинг укаси Қосим Шодиев ҳам кўрсатилган.
“Миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг қариндошларидан бўлган Олимжон Шодиев Ўзбекистондаги энг йирик корхона – Навоий кон-металлургия комбинати Кузатув кенгаши раисининг ўринбосари ўлароқ кўрсатилган. Олимжон Шодиев қачон ва қандай қилиб НКМК кенгаши мустақил аъзоси, яна кенгаш раиси ўринбосари этиб тайинлангани ҳақида маълумот йўқ.
НКМК гарчи акциядорлик жамияти бўлса-да, корпоратив ахборот порталига шу кунгача бирор муҳим фактни жойламаган. Кенгаш аъзолари тайинланиши акциядорлик жамияти учун муҳим факт ўлароқ очиқланиши зарур.
Яна шунингдек, НКМК кузатув кенгашига мустақил аъзоларни тайинлаш бўйича конкурс ўтказилгани ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас.
Шодиевлар оиласи вакилининг қайси мезонларга кўра НКМК кузатув кенгашида ўтириши жамоатчилик учун тушунтирилиши зарур. Йилига 100 тонна атрофида олтин ишлаб чиқарадиган НКМК Ўзбекистон бюджетининг 20 фоизидан ортиқ даромадларини таъминлаб келади. НКМКнинг назоратдан чиқиши, хусусан, ишончли бошқарув ёки қизил директорлар схемалари асосида ишлай бошлаши мамлакат молиявий мустақиллиги учун ҳам хавф солади”, дея ёзмоқда Отабек Бакиров.
Масъул давлат ташкилотлари сукут сақланмоқда
27 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовдан “Ўзагроэкспортбанк” ёпиқ қарор билан сотилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганига ишора қилиб, “cотиб олувчининг қонун бўйича белгиланган талабларга жавоб бериш масаласи Марказий банк тарафидан ўрганилганми?” деган савол билан мурожаат қилди.
“Ким сотиб олишидан қатъи назар, Марказий банк ўрнатган талабларни бажариши керак. Бу бўйича ҳаммасини ўрганамиз ва ўз хулосамизни берамиз. Бусиз ҳеч нарса бўлмайди”, – дея таъкидлади регулятор раҳбари.
Марказий банк матбуот хизматининг Kun.uz'гa маълум қилишича, давлат улуши бор банкларни сотишга ваколатли орган Молия вазирлиги ҳисобланади, улар бу борада Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда иш олиб бориши белгиланган.
“Марказий банкда банкларни сотишни таклиф қилиш ваколати йўқ. Қонунчилик бўйича бизга мумкин эмас”, дейилади МБ матбуот хизмати изоҳида.
Gazeta.uz манбасига кўра, регуляторга ҳеч бир компаниядан банкни сотиб олиш бўйича ариза ҳали келиб тушмаган.
Kun.uz 18 октябрь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати билан боғланиб, “Ўзагроэкспортбанк”нинг хусусийлаштирилаётгани бўйича изоҳ сўраганди. Бу борада “қўшимча маълумот” берилишини айтган агентлик матбуот хизмати билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.
Молия вазирлиги матбуот хизмати эса улар фақат банкларни трансформация қилишга масъул эканини, хусусийлаштириш билан эса Давлат активларини бошқариш агентлиги шуғулланаётганини маълум қилган.
Маълумот учун, “Ўзагроэкспортбанк” 2017 йилда ташкил этилган. Банкнинг асосий фаолияти агросаноат соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.
“Ўзагроэкспортбанк” пайдо бўлганидан буён ҳам капиталини тўлиқ шакллантирмаган. Шаклланган устав капитали 70,9 млрд сўмдан иборат.
Шунингдек, банк ўтган 2021 йилни 16,7 млрд сўм зарар билан якунлаган.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, банк кредит портфелида муаммоли кредитларнинг (NPL) жами кредитлардаги улуши 93,6 фоизни ташкил этган.
Аввалроқ, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинганди. Унга кўра, банк устав капитали энг кам миқдорини босқичма-босқич 500 миллиард сўмгача ошириш юзасидан тегишли қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Қонуннинг амалдаги таҳририга асосан бугунги кунда банк устав капитали энг кам миқдори 100 миллиард сўмни ташкил этиши керак. Аммо “Ўзагроэкспортбанк” ташкил этилганидан буён ҳам капитал бўйича амалдаги талабларни ҳам бажармай келади.
Мавзуга оид
11:21
Марказий банк Исломий молиявий хизматлар кенгашига аъзо бўлди
19:16 / 12.12.2024
“Эски намунадаги 100 долларлик купюраларни айирбошлашда чекловлар йўқ” – Марказий банк
13:16 / 12.12.2024
Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
17:52 / 11.12.2024