Жаҳон | 14:25 / 01.11.2022
4538
3 дақиқада ўқилади

Исроилда тўрт йил ичида бешинчи парламент сайловлари бошланди

Исроилнинг амалдаги бош вазири Яир Лапид атрофидаги либерал лагер Бенямин Нетаняхунинг ҳукумат раҳбари лавозимига қайтишига тўсқинлик қилмоқчи. Сайлов натижаларига араб сайловчиларнинг фаоллиги таъсир қилиши мумкин.

Фото: AP

Исроилда тўрт йилдан камроқ вақт ичида бешинчи парламент сайловлари ўтказилмоқда. Тахминан 6,8 миллион сайловчи 25-чақириқдаги Кнессетнинг 120 депутатини сайлаши керак, сайлов участкалари 1 ноябрь, сешанба куни очилган.

Ўнг қанот консерватив мухолифат етакчиси, Исроилнинг собиқ бош вазири Бенямин Нетаняху ўта ўнглар ёрдамида ҳукумат раҳбари лавозимига қайтишга умид қилмоқда. 73 ёшли сиёсатчи ўнг қанот лагер билан коалиция тузишга тайёрлигини билдирди, сўровларга кўра, бу лагер сайловларда илк бор учинчи ўринни эгаллаши мумкин.

Нетаняхунинг миллий-либерал партияси бўлган «Ликуд» яқинда ўтказилган сайлов натижаларига кўра яна сайловда ғалаба қозониши мумкин, аммо унинг ўнг қанот диний лагери парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритиши даргумон. Кузатувчилар Нетаняху лагери ва унинг либерал «Еш Атид» партияси етакчиси, 58 ёшли бош вазир Яир Лапид бошчилигидаги рақиблари ўртасида вазият сайлов натижаларидан кейин боши берк кўчага кириб қолиши мумкинлигини истисно қилишмаяпти.

Мустақил Фаластин давлати тарафдори бўлган Лапид лагери ўнг ва чап партияларнинг кенг доирасини ўз ичига олади, дея қайд этади dpa. Уларни коррупцияда айбланиб, жиноий иш қўзғатилган Нетаняхунинг бош вазир лавозимига қайтишига йўл қўймаслик истаги бирлаштиради.

Кузатувчилар Исроилда партиялар жуда бўлинган манзарани қайд этяпти, бу ерда ҳатто кун тартиби ўхшаш партиялар ҳам жиддий бўлинишлар ва раҳбариятнинг шахсий зиддиятлари туфайли коалиция туза олмаяпти. Сайловда 40 та партия ва бирлашмалар иштирок этмоқда. Кутилганидек, уларнинг фақат учдан бир қисми 3,25 фоизлик тўсиқдан ўтиб, парламентга кириши мумкин. Сайлов натижаларига, кузатувчиларга кўра, арабпараст партиялар ва ўнг қанотчилар таъсир кўрсатади. Араб сайловчиларининг иштироки ҳал қилувчи ҳисобланади. 

Сайлов участкалари ёпилгандан кейин соат 21.00 (Тошкент вақти билан 24.00)да овоз бериш натижаларининг биринчи прогнозлари кутилмоқда. Дастлабки натижалар 3 ноябрдан кейин эълон қилинади, дея қайд этади dpa. Сайлов натижаларидан сўнг Исроил президенти Ицхак Герцог қайси сиёсатчига ҳукумат тузишга кўрсатма беришини ҳал қилади, сўнгра номзодга коалиция тузиш учун тўрт ҳафта вақт берилади. 

2009 йилдан 2021 йилгача Исроил бош вазири лавозимида ишлаган Бенямин Нетаняху фирибгарлик, коррупция ва давлатга хиёнатда айбланмоқда. У барча айбловларни рад этди. Агар суд уни коррупцияда айбдор деб топса, қонунга мувофиқ 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қолган айбловлар бўйича максимал жазо 3 йиллик қамоқдир. 

Мавзуга оид