Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” майдонида “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

Байрам тадбирини Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо кириш сўзи билан очиб, ушбу байрамнинг мазмун-моҳияти, байроғимизнинг давлат рамзи экани, унинг ёшларда миллий ватанпарварлик ҳиссини тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди. Вазирлар Маҳкамасининг Маънаваият ва Давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти раҳбари Собир Шукуров, Ўзбек Миллий академик театри деректори  Ёдгор Саъдиев, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан Дурдона Раҳимова, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид ҳам ўз фикрларини билдиришди.

Шундан кейин байрам тадбирининг асосий қисми бошланди. Ҳарбийларимиз узунлиги 100 метр бўлган Давлат байроғини кўтарган ҳолда иштирокчиларнинг олқишлари остида майдонга кириб келишди. Майдон узра ҳарбий қисм аскарлари, курсантлар ва “Темурбеклар мактаблари” ўқувчилари иштирокида ватанпарварлик мавзусида саф қўшиқлари янгради.

Байрам муносабати билан  Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ва бошқа ҳамкор вазирлик, идоралар билан биргаликда Тошкент шаҳридаги марказий кўчалардан Давлат байроғини ўрнатган ҳолда “Ватанпарвар автокарвони” ўтди. Миллий Гвардия отлиқлар сафи ватанимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда шаҳар кўчалари бўйлаб юришди.