Иқтисодиёт | 20:33 / 23.11.2022
45108
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Хитойга газ сотишни кўпайтирди. Қазиб олиш ҳажми эса камаймоқда

Хитой томонига кўра, мамлакат 2022 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистондан салкам 917 млн долларлик газ импорт қилган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўп. Сотилган газнинг физик ҳажми ва бирлик нархи номаълум. Октябр ойидан бошлаб газ олди-сотдиси бўйича икки мамлакат расмий статистикасида катта фарқ юзага келди.

Фото: china.org.cn

Ўзбекистонда электр узилишларининг 90 фоизига сабаб – электр энергияси ишлаб чиқариш учун табиий газнинг етишмаётгани, дея маълум қилганди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 16 ноябрдаги матбуот анжуманида.

Ички тақчиллик борлигига қарамай, Ўзбекистон газ экспортини давом эттирмоқда.

“Тез кунда чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилади. Бунинг учун табиий газ ва электр энергияси экспорти тўхтатилди. Ташқи импорт 20 фоизга оширилди”, – деганди Хўжаев.

Ўзбекистон Хитойга газ экспорт қилишни оширмоқда

СOVID-19 пандемияси бошланиши ортидан Ўзбекистон Россияга табиий газ экспортини тўхтатганди ва бу ўтган давр мобайнида ҳам қайта тикланмади. Айни пайтда ўзбек гази фақат Хитойга етказиб берилмоқда.

Хитой божхона бош бошқармаси маълумотларига таяниб, ТАСС тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон 2022 йилнинг январ–октябр ойларида Хитойга газ қувури орқали энг кўп ёқилғи етказиб берган давлатлар рўйхатида 5-ўринни эгаллаган:

1. Туркманистон – 8,23 млрд доллар; ўсиш 53 фоиз;
2. Россия – 3,1 млрд доллар; ўсиш 82 фоиз;
3. Мянма – 1,13 млрд доллар, пасайиш 2,6 фоиз;
4. Қозоғистон – 996,5 млн доллар, ўсиш 15,2 фоиз;
5. Ўзбекистон – 916,7 млн доллар, ўсиш 52,5 фоиз.

Бошқарманинг онлайн тизимида импорт қилинган газнинг физик ҳажми кўрсатилмаган. Тегишли устун барча етказиб берувчи мамлакатлар учун бўш қолдирилган.

Аввалроқ “Ўзтрансгаз” раиси Беҳзод Норматов Ўзбекистонда қазиб олинаётган табиий газнинг қарийб 10 фоизи Хитойга сотилаётганини маълум қилганди.

Хитой газни қандай нархларда импорт қилиши ҳақида маълумотларни топиш қийин, буни ҳар иккала томон ҳам очиқламайди. Иқтисодий мавзулар бўйича колумнист Сайдулло Ҳимматов баъзи очиқ маълумотлар орқали тахминий ҳисоб-китобларни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрган. Хусусан, Ўзбекистон Хитойга 2021 йилнинг 10 ойи давомида 3,4 млрд метр куб ёки 601 млн долларлик газ сотгани келтирилган. Бир нечта математик ҳисоб-китобга кўра, ўтган йил Хитойга ҳар 1000 метр куб табиий газ 175 доллардан экспорт қилинган бўлиши мумкин.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, Ўзбекистондан газ экспорти ва Хитойга Ўзбекистондан газ импорти бўйича ўзаро боғлиқ статистикада сентябр ойигача катта фарқлар бўлмаган, аммо октябр ойига келиб икки томонлама маълумотлар кескин фарқланишни бошлаган.

“Демак, севимли ўзбек статистикасига кўра, Ўзбекистон октябр ойида 91,7 млн долларлик газ экспорт қилган. Маълумот учун, Ўзбекистон фақат Хитойга газ экспорт қилиб келмоқда. Хитой статистикасига кўра, Ўзбекистондан октябрда 148,5 млн долларлик газ импорт қилинган.

Яъни ўзбек статистикасида Хитойга экспорт қилинаётган газ ҳажми 1,62 баробарга камроқ кўрсатилган. Бу нима учун, тушунарсиз, балки совуқдан қақшаётган ўзбекистонликларнинг ғазабини келтирмаслик учунми ё газ экспортидан миллиардлар ишлаётган чўнтакларнинг илтимослари шундай бўлганми, айтиш қийин”, – дея ёзади Бакиров.

Умуман олганда, Ўзбекистондан хорижга газ экспорти тўхтагани ҳақида бир неча марта айтилган бўлса-да, газ экспорти сўнгги йилларда фақат ошиб бораётганини расмий статистика ҳам кўрсатиб турибди.

Статқўм маълумотларига кўра, 2021 йилда 717,3 млн доллар қийматдаги табиий ҳамда сунъий газ экспорт қилинган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 49,8 фоизга кўп. Жорий йилда ҳам газ экспортининг ўсиш суръати сақланиб қолмоқда. Жумладан, ўтган 10 ой давомида 871,3 млн долларлик табиий ва сунъий газ газ экспорт қилинган ва ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда ўсиш 35,4 фоизни ташкил этган.

Хитойга газ етказиб берувчи “Asia Trans Gas” МЧЖга ким эгалик қиляпти?

Ўзбек гази Хитойга Марказий Осиё – Хитой қувури орқали етказилади. Бу қувур Туркманистондан бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ўтади. Қувурларнинг Ўзбекистондан ўтган қисмини “Asia Trans Gas” МЧЖ ҚК назорат қилади. Ташкил этилган пайтда қўшма корхонанинг 50 фоизи “Ўзбекнефтегаз”га, қолган 50 фоизи Хитой тарафига тегишли бўлган.

Ҳозирда корхона таъсисчилари улуши тўғрисида маълумот расмий реестрда кўрсатилмаган. Томонларнинг улушга эгалиги ўзгарганми, ўзбек тарафи ўз улушини хитойликларга ўтказганми ёки тескариси бўлганми – номаълум.

Отабек Бакировга кўра, Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган ва ҳар бири 529 км бўлган учта параллел трубанинг умумий узунлиги 1587 км. Шу трубалар орқали ҳар йили 40 млрд кубгача ўзбек ва туркман гази транспортировка қилинади. Компания ташкил этилганидан буён бирор марта транзит учун нархлар ва компаниянинг молиявий ҳолати борасида маълумотлар очиқланмаган.

Туркманистондан Хитойнинг Шинжон мухтор вилоятига, ундан Хитой шарқигача тортилган газ қувури дунёдаги энг узун магистрал газ қувури ҳисобланади. / Харита: Wikipedia

“Газ транзити энг қиммат, бозордан ташқари, яна сиёсий таъсирлар воситадаги эксклюзив хизмат ҳисобланади. Масалан, руслар 1000 куб метр газни Украина ҳудудидан транзит қилиш учун ҳар 100 кмга 2,66 доллар пул тўлайди.

Агар Украина транзит тарифлари инобатга олинса, Хитойга Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган газ транзити учун ҳар йили 562 млн долларгача пул ишлаб олинаётган бўлиши мумкин”, – дея таъкидлайди иқтисодчи.

Табиий газ ишлаб чиқариш камаймоқда, истеъмол эса кўпаймоқда

Расмий статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ–октябр ойларида 43 млрд 786,9 млн куб метр табиий газ қазиб олинган. Таққослаш учун, ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврида 44 млрд 239,6 млн куб метрни ташкил этган. Газ қазиб олишдаги камайиш 452,7 млн куб метр экани қайд этилган.

Энергетика вазирлиги берган маълумотларга кўра, 2022–2023 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 30,6 млрд куб метр табиий газ етказиб берилиши режалаштирилган. Шундан 10,4 млрд куб метр ҳажмда аҳоли истеъмолчиларига ва 20,2 млрд куб метри иқтисодиёт тармоқларига етказилади. 2021/22 йиллар куз-қиш мавсумида бу кўрсаткич 29 млрд куб метрни, 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида эса 24,9 млрд куб метрни ташкил қилган.

Мавзуга оид