Андижондаги ЙТҲда жабрланганлардан яна бири вафот этди
Андижонда ўнлаб кишилар жароҳат олган ЙТҲ қурбонлари сони 4 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЙТҲ оқибатида жароҳатланган беморлар ҳолати ҳақида маълумот берди.
Андижон вилоятида 26 ноябр куни автобус ва юк машинаси тўқнашуви оқибатида жароҳатланиб, ўта оғир аҳволда шифохонага олиб келинган беморлардан бири амалга оширилган реанимацион чораларга қарамасдан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Ушбу фуқаро шифохонага «Бош миянинг оғир даражада лат ейиши. Мия ўзаги шикастланиши. Қорин бўшлиғи аъзолари ёпиқ жароҳати. Жигар сегментларининг эзилиб ёрилиши. Чап билак суягининг очиқ синиб силжиши. Ўнг болдир соҳаси олд юзаси ва ўнг қўл тирсак соҳаларининг 2-даражали куйиши. 3-даражали травматик шок» ташхиси билан олиб келинган эди. Унда белгиланган стандартлар бўйича барча зарур амалиётлар ўтказилган», дейилади хабарда.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, 38 нафар йўловчи турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилганди.
Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида бўлган ушбу беморлардан 4 нафарига тиббий хулосалар ижобий бўлгани учун амбулатор шароитда даволаниш учун уйига рухсат берилди.
Ҳозирда шифокорлар 33 нафар беморда зарур муолажаларни давом эттирмоқда.
Назоратда турган беморларнинг 11 нафари РШТЁИМ Андижон филиалида, 16 нафари Асака тумани, 4 нафари Бўстон тумани, 2 нафари Шаҳрихон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида даволанмоқда.
Ушбу беморларнинг 1 нафари ўта оғир, 5 нафари оғир аҳволда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг ҳолатини тўлиқ назоратга олган бўлиб, беморлар зарур тиббий ёрдам ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланган.
- 26 ноябр куни А-373 Тошкент-Ўш-Андижон автомагистралининг 389-390-километрлари оралиғида «Isuzu» ва «Howo» юк машинаси тўқнашиб кетгани ҳақида хабар берилганди.
- Ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Мавзуга оид
15:53 / 19.11.2024
Чилонзорда автобус ва Lacetti тўқнашди
19:03 / 18.11.2024
ПФЛ Суперлига рамзий термаси эълон қилинишини ЙТҲ қурбонлари хотирасига бағишлади
15:09 / 18.11.2024
Қашқадарёда қўйлар подасини автомобил уриб юборди
07:40 / 18.11.2024