Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИИВ мулозимлари 15 ёшли қўқонлик ўсмирнинг ўлими нима учун 2 кун сир сақлангани ҳақидаги саволга жавоб бера олмади
Вазирлик масъуллари ўсмирнинг ўлими юзасидан кимлар ишдан олингани, қанча ходимга чора кўрилганини айтиш билан кифояланган.
Ўғрилик қилгани ортидан 16 октябрь куни қўлга олиниб, туман ИИБ бошлиғи қарорига асосан Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган 15 яшар ўсмирнинг ўлими икки кун давомида сир сақланган, боланинг яқинларига фожиа ҳақида 18 октябр куни ўликхонадаги танишлари орқали билишган.
Бунгача Қўқон шаҳридаги ИИБ ходимлари Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига борган ўсмирнинг онасига ўғли ухлаётганини айтиб, қайтариб юборишган, бу вақтда унинг жони узилиб бўлганди.
1 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири Аброр Зоҳидов мутасаддилардан 15 яшар ўсмирнинг ИИБ биносидаги ўлими нима учун икки кун давомида сир сақлангани бўйича изоҳ сўради.
“Ҳақиқатан ҳам Фарғона воқеаси анча шов-шувга сабаб бўлди. Чиндан ҳам ходимлар эътиборсизликка йўл қўйишган. Шу воқеада бевосита айбдор бўлган икки ходимимиз ички ишлар органларидан бўшатилди, раҳбари лавозимидан озод этилди,етти нафар ходим жазоланди. Кўпчилик қўл остидаги ходимларнинг назоратида сусткашлик қилгани учун жазоланди.
Ходимлар эътиборсизлик қилгани рост. Бу ерда улар жиноят қилган деб айтиш нотўғри бўлар. Хизмат текшируви натижалари бўйича барча ҳужжатлар прокуратурага берилган. Прокуратура ҳолатни ўрганиб бўлса, ўрганиш якуни оммага эълон қилинади”, дея ИИВ департамент бошлиғи ўринбосари Ҳамза Махсумовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Журналист нима учун ишдан олинган ёки бошқача тартибда жавобгарликка тортилган ходимларнинг исм-шарифи жамоатчиликка ошкор қилинмаётгани билан қизиққан. ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов жавобгарликка тортилган ходимларнинг шахсини очиқлаган.
“Ўша пайтда бу нарсани айтмаганимиз, тўлиқ маълумот бермаганимиз бизнинг камчилигимиз. Бола ўша куни марказга жойлаштирилган. Жанжал содир бўлган жой – ётоқхонада камера бўлмайди. Навбатчилар болаларнинг ўзаро муштлашганини назорат қилмаган. Шунинг учун шу куни навбатчиликда турган Эгамназаров Элёржон, Отажонов Нодирбек биринчи навбатда ички ишлар органларидан бўшатилди ва прокуратура органлари уларга нисбатан жиноят иши қўзғатди.
Бундан ташқари, назоратни тўғри йўлга қўймаганлиги учун айнан шу марказнинг бошлиғи, шунингдек, Фарғона вилояти ИИБ ҲПБ бошлиғи подполковник Метинов хизмат фаолиятида йўл қўйган камчилиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Айбдор бўлган ходимларни ҳеч ким аяб ўтирмайди. Уларга нисбатан чора кўрилган.
Шу билан бирга, ходимлар билан ишни тўғри олиб бормагани учун вилоят ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи Ўринбоев Отабек, Жамоат хавфсизлик хизмати бошлиғи Ўсаров Фаррухга ҳайфсан берилди. Марказда ишлайдиган, рўй берган ҳолатга алоқаси бўлмаган тарбиячилар Эгамназаров Сарвар, Яқубов Иқболжон, Норқўзиев Маъмуржон, Ортиқов Нодиржон келгусида шундай камчиликларга йўл қўймаслиги учун навбатдан ташқари аттестацияга қўйилди. Бу орқали уларнинг иш фаолиятига лойиқ ёки нолойиқлиги текширилади.
Қўқондаги воқеадан кейин бутун республикадаги 14 та Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида текширув ўтказилди”, дейди Ғиёсов.
Расмийлар марҳум марказдаги саккиз нафар бола билан содир бўлган муштлашув оқибатида ўлганини айтишмоқда. Бироқ боланинг яқинлари бунга ишонишмаяпти. Kun.uz суриштируви давомида йигитчанинг ўлими анча вақт унинг яқинларидан сир тутилгани маълум бўлганди.
Машъум ҳодиса шов-шув бўлиши ортидан марказ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган эди.
Маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат текшируви якуни бўйича Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга “ҳайфсан” берилган. 4 нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган.
Ўлим юз берган кунда навбатчилик қилган 2 нафар ички ишлар органи ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмагани учун вазифасидан четлатилгани ҳамда уларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинганди.
Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, бугунги кунда мазкур жиноят иши доирасида 4 киши қамоққа олинган. Шундан икки нафари яқинда ишдан бўшатилган ички ишлар ходимларидир. Мазкур ходимлар зиммасидаги вазифасига совуққонлик билан қараб, мажбуриятларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлгани туфайли 15 яшар ўсмирнинг ўлимига сабабчи бўлишда гумонланмоқда.
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровга кўра, бола вафот этган тунда навбатчилик қилган ходимлардан бири Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғининг қайноғаси, шу боис масъуллар ишларни “босди-босди” қилиш пайида бўлишган.
Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz мухбирининг саволига жавобан ИИБ тизимида ким кимга қариндошлиги бўйича маълумотга эга эмаслиги ва бу нарсанинг ишга алоқаси йўқлигини билдирди.
Мавзуга оид
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
11:51 / 22.05.2026
ИИВ, Адлия ва Тоғ-кон вазирлиги — давлат бошқарувидаги энг илғор идоралар
08:32 / 21.05.2026
Ўзбекистон Бухоро ва Қўқондаги тарихий саройларни реставрация қилади
17:45 / 30.04.2026