“Хусусий сектор вакилиман, ташқи иқтисодий фаолият билан анча йилдан бери шуғулланиб келаман. Маҳаллий бозорларда қурилиш ва тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритаман. Жанубий Кореянинг “Youngone Corporation” компанияси хорижий ҳамкоримиз ҳисобланади. У билан жаҳон бозорига чиқишга муваффақ бўлдик. Аввало GSP+ дастурига (Ўзбекистон) қўшилгач, Европа, хусусан, Германияга экспорт қилишни бошладик.

Маълумот учун: Ўзбекистон GSP+ дастурига 2021 йилда аъзо бўлди ва Европа Иттифоқи бозорларига 3000га яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятига эга бўлди.

Кейин “Cotton Campaign” томонидан Ўзбекистон пахтасига қўйилган тақиқ олиб ташлангач, Жанубий Кореяга 1 сентябрдан бошлаб тайёр кийим-кечакларни экспорт қилдик. Бу синов экспорт эди, у яхши ўтганидан кейин қайта-қайта буюртма олдик. Жаҳон брендлари билан ишлашни бошладик. Бу орқали жаҳон бозорида Ўзбекистонни савдо-сотиқда фаол иштирокчи сифатида таништиришга муваффақ бўлдик десам бўлади, дейди суҳбатдошимиз.

— ЖCТга аъзоликдан бизнесингиз қандай фойда кўради?

— Жаҳон савдо ташкилоти биз учун жуда қизиқ йўналиш ҳисобланади. Бу тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар учун жуда катта бозорни очиб беради. Одамлар ташкилотга аъзо бўлишимизнинг қанақадир турли хатарлар ва хавфлари бор деб ўйлайди, катта импорт босиб келади деб қўрқишади. Лекин енгил саноат соҳасида, тан олиш керак, шундоқ ҳам импорт босиб келяпти.

Бозорларда кўрсангиз, ЖСТга аъзомизми-йўқми, импорт товарлар етарлича. Аммо ҳозир Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчиларнинг салоҳияти [рақобатга тайёр]. Тайёр кийим-кечак маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ўрганиб қолганмиз. Рақобатдан қўрқмаймиз, аксинча, бизга бу катта-катта бозорларни очиб беради.

Айтайлик, Корея, Япония, Малайзия, Сингапур, керак бўлса, Хитой, бундан ташқари Европа давлатлари GSP+ дастурига кирган. [ЖСТга аъзолик ортидан] бошқа бозорлар биз учун очилади. Импорт тарифларини тўламаслик орқали хориждаги бошқа иштирокчилар билан рақобатбардош бўлиб қоламиз. Европа бозорида GSP+ мисолида биз шуни кўрдик. Ҳозир тайёр кийим-кечак маҳсулотларини нол тарифда Европага экспорт қиляпмиз.