Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пули тўланмаган лифт ва минг долларлик унитаз. Тадбиркор ҳамон пулини ололмаяпти
Автойўл ва Экоқўм биноларида қурилиш қилган тадбиркор аёлга бажарилган ишларнинг пули ҳалигача тўлиқ берилмаётгани ҳақида ёзгандик. Мақоладан кейин воқеалар ривожи қандай кечгани билан қизиқиб жабрдийда тадбиркор билан боғландик.
“270 млн ўрнига 90 млн бериб алдаб қўйишди”
Автомобил йўллари қўмитасининг бино-фасадларини янгилаган ва 3та лифт ўрнатган “Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Интизор Абдалниёзова 4 йилдирки қўмитадан ҳақини тўлиқ ололмай келади. Тадбиркор ўрнатган лифтларнинг биттасидан қўмитанинг 21 йиллик раиси Абдураҳмон Абдувалиев фойдаланади.
Қўмита тадбиркорга 270 млн сўмни тўлаш пайсалга солиб келаётганди. Kun.uz’да эълон қилинган мақола ортидан 23 ноябр куни “Doston Akfa Plus” МЧЖ ҳисобрақамига 90 миллион сўм ўтказилади. Бироқ шундан бери орадан қарийб бир ой ўтаётган бўлса-да, тадбиркор қарзнинг қолган қисми – 180 млн сўм тўлаб берилмаётгани, оғирини енгил қилишга ваъда берган мутасаддилар негадир йўқолиб қолишганини айтади.
“Бош прокуратурадагилар мени Светлана Ортиқова қабул қилишини айтганди, уч кун қатнадим, аммо бош прокурор ўринбосари қабул қилмади. Муаммо юзасидан шаҳар прокуратурасига чақиришди. Ўзим ҳам шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовнинг рақамларини излаб топиб қўнғироқ қилдим. Kun.uz'га бормай туринг, масалангизни ҳал қилиб бераман деб ваъда берди. Аммо шундан кейин орадан қарийб бир ой вақт ўтди.
Абдувалиев умра зиёратидан қайтганидан сўнг ҳам у билан учрашиш, қабулига кириш учун қўмитага бордим. Ёрдамчилари ишда йўқ деб қабулига киритишмади. Орадан бир ой ўтяпти, техникалар сотилдими-йўқми билмайман. Суд қарори ижроси билан шуғулланаётган давлат ижрочисига қўнғироқ қилганимда Kun.uz'да чиққаним учун энди сариқ чақа ҳам олмаслигимни айтди”, дейди Интизор Абдалниёзова.
Қўмита бажарилган иш учун пул тўлаб берилмаганига “Doston Akfa Plus” хусусий корхонаси масъуллари томонидан ишчи комиссияга тегишли якуний (ўрнатилган махсус ускуналарни давлат назоратидан ўтганлигини тасдиқловчи) ҳужжатларни “Янгийўлқурилиш” унитар корхонасига ўз вақтида тақдим этилмаганини важ қилиб кўрсатган.
Экоқўмда ҳам деярли шу аҳвол
Янги бинога кўчиб ўтган Экоқўмита ҳам 2та лифт ўрнатган ва бино фасадини пластик панеллар билан қоплаб берган “Doston Akfa Plus” МЧЖга ҳалигача бажарилган ишларнинг ҳақи тўлиқ бермай келади.
Экоқўмдан зарар кўрганлар кўпчилик. Жумладан, қўмита раҳбарларидан бирининг хонасига таъмир пайтида қўйилган унитазни олиб ташлаб, ўрнига 1000 долларлик унитаз ўрнатганлар ва бошқа субпудратчилар ҳам ҳақини ололган эмас.
Сабаби Абдураззоқовдан то Обломуродовгача бир неча марта раҳбар алмашиб, қурилишга оид ҳисоб-китоб масаласини боши берк кўчага кириб қолган. Қўмита шу пайтгача пудратчи қурилишни охирига етказмаган деган важ билан бажарилган ишлар учун пул тўламай келади.
Муаммо сайтимизда эълон қилингани ортидан қўмита Интизор Абдалниёзовага 140 млн сўм тўлаб берди. Аммо тадбиркор бу пулни 20 декабр куни Экоқўмга қайтариши керак. Боиси 140 миллион шу санагача “қарзга” берилган.
“Kun.uz'да чиққан мақоладан кейин Экология қўмитаси менга 140 млн сўм тўлаб берди. Қарз шартномаси асосида. Шартномада 20 декабрда пулни қўмитага қайтаришим кўрсатилган. 16 декабр куни ҳам қўмитага бордим, раиснинг ёрдамчиси билан гаплашдим. “Иккита лифт ҳам ишлаб турибди, пулимни қачон берасизлар”, деб сўрадим ундан. 140 млн сўм менга 20 декабргача қарз сифатида берилган, шартномада белгиланган санада пулни қайтаролмасам улар мени судга беришга ҳаққи бор. Шуларни тушунтириб, тезроқ ўзимнинг пулимни беринглар десам қарзни қайтариш муддатини 25 декабргача узайтириб беришди. Юқоридан сўралганда тадбиркорга пул берилдими, берилди қабилида жавоб бериш учун, қолаверса, операцияга муҳтожлигим, пул жуда кераклигини айтганимдан кейин шу сценарийни ўйлаб топишди. Бажарган ишим учун 358 млн пулимни қачон тўлаб беришади, худо билади.
19 декабр куни яна 140 млн берамиз, шунда қарз шартномаси асосида берилган жами пул 280 млн бўлади. Фақат Kun.uz'га бориб пулларимни тўлиқ олдим, деб интервю беринг, деб айтишди”, дейди тадбиркор.
Экоқўм ахборот хизмати томонидан 26 ноябр куни тарқатилган баёнотда иккита лифтни ўрнатишга сарфланган маблағларни қоплаш учун қўмита ҳузуридаги “Бинолардан фойдаланиш ва капитал қурилиш дирекцияси” ДУК ва тадбиркор ўртасида умумий қиймати 280 млн сўм бўлган шартнома расмийлаштирилгани, жорий йил 7 октябр куни 140 млн сўм тадбиркорнинг ҳисобрақамига ўтказиб берилгани айтилса-да, бу пуллар қарз шартномаси асосида берилгани, пул янги йилгача қўмитага қайтарилиши кераклиги ҳақида лом-мим дейилмаган.
Жамшид Ниёзов, журналист
Мавзуга оид
16:55 / 09.06.2026
Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди
10:30 / 08.06.2026
АҚШ пойтахтида ўзбек тадбиркорлари учун махсус дастур ишга туширилди
18:49 / 06.06.2026
“6 фоизлик ҚҚСга автоматик ўтилмайди” — янги солиқ тартиботига экспертлар шарҳи
14:11 / 03.06.2026