UzAuto Motors автомобилларининг ҚҚСсиз нархи 3 фоизга қимматлашдими?
Компания ҚҚС ставкаси пасайганига қарамай янги харидорлар учун автомобилларни арзонлаштирмаслиги мумкин. Фақат шу кунгача тузилган ва пули тўланган шартномалар бўйича нарх пасаядиган бўлди. Автомобилларни етказиб бериш қайта тикланди, сотув қачон бошланиши эса номаълум.
UzAuto Motors шу кунга қадар тузилган ва тўлов амалга оширилган шартномалар бўйича автомобиллар нархини пасайтирди.
Бу – 2023 йилдан бошлаб ҚҚС ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилгани билан боғлиқ.
«Автомобиль нархининг пасайиши бугунги кунга қадар жисмоний ва юридик шахслар томонидан тузилган ҳамда шартнома шартларига мувофиқ тўловни амалга оширган амалдаги шартномаларга нисбатан қўлланилади», - дейилади расмий хабарда.
Баёнотда ҚҚС ставкасининг пасайиши янги тузиладиган шартномалар бўйича нархларга таъсир қилиш-қилмаслиги ҳақида гап йўқ. Компания вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу бўйича янгилик яқин кунларда расмий саҳифалар орқали эълон қилинади.
UzAuto Motors, шунингдек, аввал тузилган шартномалар бўйича автомобилларни етказиб бериш 17 январдан бошлаб қайта тикланганини маълум қилган.
Айни пайтда, компания янги шартномалар қабул қилишни қачон бошлаши номаълумлигича қолмоқда. Cobalt ва Lacetti сотуви ноябр ойида, Damas ва Labo сотуви эса декабрда тўхтатилганди. Январ ойига келиб, компания қолган моделлари бўйича ҳам контрактацияни номаълум муддатга тўхтатиб қўйди.
Охирги йилларда UzAuto Motors ҳар сафар нархларни оширишдан олдин контрактацияни ёпиб қўйган. Бу гал ҳам шартнома бериш тўхтатилгани айнан нархни оширишга тайёргарлик билан боғлиқлиги тахмин қилинмоқда. Ижтимоий тармоқларда нархлар 30 фоизга ошиши мумкинлиги айтиляпти, компания буни тасдиқламаётган бўлса-да, рад этмаяпти ҳам.
Аввалроқ Kun.uz ёзганидек, UzAuto Motors охирги 13 ой ичида тўртинчи марта нархни оширмоқда.
Spark ва Nexia каби бюджет моделлар сотувдан олингани, айни шу тоифадаги автомобиллар учун божлар ставкаси энг юқори эканидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ўзбекистонликлар автомонополия исканжасидан тобора кўпроқ жабр кўра бошлайди.
Мавзуга оид
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
08:08 / 07.11.2024
Монополияга қарши орган розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этилган 4 та ҳолат аниқланди
18:27 / 31.10.2024