Жеймс Робинсон – британиялик иқтисодчи ва сиёсатшунос. Чикаго университетининг Ҳаррис номидаги жамоат сиёсати мактаби профессори.

Жеймс Робинсон ва профессор Дарон Ажемўғли ҳаммуаллифлигидаги “Мамлакатлар таназзули сабаблари” (Why nations fail?) китоби 2021 йилда ўзбек тилида нашр қилинди ва ўқувчиларнинг қизиқишларига сабаб бўлди.

Муаллифлар китобда нега айрим мамлакатлар фаравонлик ва барқарорликни сақлаб қолиши, айримлари эса ислоҳотларга уринса-да тараққий топмаслигининг илмий-иқтисодий сабабларини таҳлил қилади. Унда Ўзбекистон ҳақида ҳам сўз боради.

17 март куни Жеймс Робинсон Тошкентда талабалар, олимлар, ижтимоий фикр етакчилари, молия-иқтисодиёт соҳаси ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашди. Учрашувдан олдин Бухоро шаҳрига саёҳат қилган олимдан Kun.uz мухбири интервю олди.

– Жаноб Робинсон, Ўзбекистонга хуш келибсиз. Бизга интервю беришга рози бўлганингиз учун раҳмат.

– Раҳмат, бу ердалигимдан мамнунман.

– “Мамлакатлар таназзули сабаблари” китобида Дарон Ажемўғли билан биргаликда мамлакатларнинг камбағаллиги ҳеч қандай маданий, географик ёки бошқа омилларга эмас, балки экстрактив ва инклюзив институтларга боғлиқлигини илмий асослаб бергансиз. Экстрактив ва инклюзив институтлар нима ва улар тараққиётга қандай ҳисса қўшади?

– Менимча, бу ерда иккита, яъни иқтисодий ва сиёсий қатлам бор. Биз иқтисодий ривожланиш ҳақида гапирганмиз. Иқтисодий институтлар жуда муҳим. Булар жамиятда рағбат ва имкониятлар яратиб, одамларнинг истеъдодини турли йўналишларга йўналтирувчи қоидалардир. Инклюзив иқтисодий институтлар ва экстрактив иқтисодий институтлар ўртасидаги фарқ шундаки, инклюзив иқтисодий институтлар кенг рағбат ва имкониятлар яратадиган институтлардир. Бунда мамлакатдаги барча одамлар бирдек рағбатга эга бўлиб, ўйин шартлари ҳаммага бир хил бўлади, қонунлар ишлайди, имкониятлар сифатли бўлади. Эсктрактив институтлар эса – аксинча. Рағбат ва имкониятлар ҳаммада эмас, балки баъзи одамларда бўлади.

Китобнинг асосий аргументи шундан иборатки, маълум маънода, иқтисодий институтлар сиёсий жараённинг натижасидир. Демак, давлатларда иқтисодий институтлар мавжуд, чунки уни сиёсий тизим белгилайди. Давлатда инклюзив иқтисодий институтлар мавжудлигининг сабаби унда энг яхши иқтисодчилар бор ёки йўқлиги билан эмас, балки инклюзив сиёсий институтлар борлиги билан боғлиқ.