Доналд Трамп ҳокимиятга келибоқ, Ғазони ғазоликлардан тозалаб, бу ерларда назорат ўрнатишини айтди. Бу – де-факто секторни Исроилга олиб бериш дегани. Бошида буни кўпчилик жиддий олмади, музокара тактикаси дея яхши гумон қилди. Лекин Трамп ростдан ҳам ғазоликларни кўчириш учун жой излаяпти.

АҚШ президенти бу мақсадига эришиш учун араб давлатларига қаттиқ босим қиляпти. Икки миллиондан ортиқ ғазоликларни кўчириб, бу ерларни тўлиқ Исроилга бериш ниятида. Тарихда кўрилмаган безбетлик, очиқ-ойдин этник тозалашга уриниш.

Ғазо, Фаластин мана 77 йилдирки қон йиғлайди. 1948 йилда ташкил топган Исроил тинимсиз жабр-зулм қилади. Исроил фақат кенгайиб бормоқда. Фаластин эса шу пайтгача ташкил топмади. Шу пайтгача Исроил “бир кун Фаластин давлати ташкил топар, лекин ҳозир эмас” дея алдаб келди. Бугун эса: “Умид қилманг, Фаластин давлати ҳеч қачон ташкил топмайди” деб қўрқмасдан айтмоқда.

Исроил АҚШга ишонади, Ғарбга суянади, қўрқмайди, билганини қилди ва қиляпти.

Хўш, нега икки миллиарддан ортиқ мусулмон дунёси жим? Нега Ғарб бу қадар қудратли бўлиб кетди? Унинг қудрати замирида нима турибди? Нега мусулмон дунёси бу қадар стратегик заифлик, ҳолсизлик ҳолатига тушиб қолди?

Ғарб либерализм орқали кучайди. Эркинлик – жуда қудратли туйғу, унинг акси бўлмиш – жабр-зулм, қарамлик ва ёки қуллик – инсон қадр-қимматини ерга урувчи ҳолат. Барча халқлар, цивилизацияларда инсонлар тенг қобилиятлар билан туғилишади. Баъзи халқларнинг мияси туғма кучли, бошқалари туғма онги паст бўлмайди. Фақат ўша жамиятлардаги, давлатлардаги вазият, сиёсий тизимлар, ўрнатилган ўйин қоидалари бу халқларнинг баъзиларини жуда қудратли, баъзилари заиф бўлишига сабабчи бўлади. Жамиятда инсонлар ўртасидаги муносабатларда эркинлик асосий қоида бўлар экан, жабр-зулмга йўл берилмас экан, рақобатнинг асосида эркин инсонлар муносабати турар экан, жамиятлар катта миллий бойлик яратиши – қонуният. Ушбу давлатлар иқтисодий, сиёсий, ҳарбий қудрат ўстириши – қонуният.

Ғарб демократия орқали, ҳуқуқий давлатчилик орқали, иқтисодий ва сиёсий либерализм орқали кучайди, глобал қудратга эришди. Аксарият мусулмон давлатлари эса ҳалига қадар ўзининг ўзликлари, хавфсизлик, эркинлик ва дунёвий давлатчилик ўртасида мувозанат қура олгани йўқ.

Давлатлар ҳам одамларга ўхшайди. Тасаввур қилинг, йўлда кетаётиб, йўлидан ариқ чиқса, кимдир қўрқмасдан сакраб, йўлида давом этади. Яна кимдир ўзини ўзи қўрқитиб, “сакраб ўтаётганимда ариққа йиқилиб тушсам нима бўлади?” дея, ариқ олдида қотиб тураверади.