Конституция даражасидаги талаб: Журналистлар фаолиятига аралашганлар жавобгарликка тортилади
Ўзбекистоннинг янгиланган конституциясида иккита касб эгаларининг фаолиятига аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган: биринчиси – оммавий ахборот воситалари ходимлари, иккинчиси – судялар.

Фото: dpa
Ўзбекистон конституциясининг 1 майдан кучга кирган янги таҳририда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларига доир моддаларида ҳам айрим ўзгаришлар рўй берган.
Аввалги таҳрирнинг 29-моддасида қуйидагича белгиланган эди:
Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.
Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.
Бу қоидалар янги конституциянинг 33-моддасида қуйидагича тарзда акс этди:
Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Давлат интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.
Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.
Айни пайтда, сўз эркинлиги ҳуқуқининг чекланишига асос бўладиган “ижтимоий ахлоқ” тушунчасига аниқлик киритиш талаб этилади. Бунга қадар Ўзбекистон қонунчилигида бундай тушунча йўқ эди. Жамоат тартибини сақлаш мақсадида сўз эркинлиги чекланишининг меъёрлари ҳам аниқ ҳуқуқий тавсифланмаган. Шу ўринда, янги конституцияга биноан, барча ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилишини эслатиб ўтиш ўринли.
Аввалги таҳрирнинг 67-моддаси оммавий ахборот воситаларига бағишланган ва у қуйидагича эди:
Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар.
Цензурага йўл қўйилмайди.
Янги таҳрирдан ОАВга оид иккита модда ўрин олган:
81-модда. Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар.
Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.
82-модда. Цензурага йўл қўйилмайди.
Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
30 май кунги референдумда қабул қилинган қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликни янги конституцияга мослаштириш дастурини 2 ой ичида ишлаб чиқиб, Олий Мажлисга киритиш вазифаси юклатилган.
Журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки аралашганлик учун кодексларда жавобгарлик белгилаш масаласи ҳам шу дастурдан ўрин олиши керак бўлади.
Kun.uz аввалроқ ёзганидек, 4-5 йилдан буён ОАВ ходимлари фаолиятига қаршилик учун жазо белгилаш масаласи қатор воқеалар фонида бот-бот кўтарилди, лекин ижобий ҳал бўлмади. Натижада уларга тўсқинлик қилиш ҳолатлари кузатилиб турибди.
2019 йилдаёқ журналистик фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик киритиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. 2020 йилда жавобгарликни жорий этишни назарда тутувчи яна бир қонун лойиҳаси эълон қилинди.
2021 йил бошида яна бир лойиҳа – янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳаси эълон қилинди. Унда ҳам журналист фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш кўзда тутилган. Бироқ ҳозирга қадар юқоридаги лойиҳаларнинг ҳеч бири қабул қилинмади.
2020 йили парламентда кўрилган масала – ОАВга маълумот бермаслик ёки нотўғри маълумот берганлик учун жавобгарлик белгилаш ҳам қоғозда қолиб кетган эди.
ОАВ фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарлик белгилаш 2022 йилги давлат дастурига ҳам киритилган эди, лекин амалга ошмади.
Мавзуга оид

11:29 / 25.03.2025
«Оқ уй мени ўз ҳарбий режалари билан таништирди». Журналистни тасодифан махфий ҳарбий чатга қўшиб қўйишди

21:28 / 22.03.2025
Германияда армияни молиялаштириш учун Конституция ўзгартирилди

10:41 / 05.03.2025
Коррупция муаммосини жамоатчиликка олиб чиқишда ОАВнинг ўрни ортмоқда — президент

20:53 / 26.02.2025