АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти тасодифан Atlantic нашри муҳарририни онлайн-чатга қўшиб, ҳарбий маълумотларнинг сизиб кетишига йўл қўйди. У ерда олий мартабали мулозимлар Ямандаги исёнчи ҳусийчиларга қарши махфий зарбалар режаларини муҳокама қилишган.
Аввалига бу воқеа ҳақида Atlantic муҳаррири Жэффри Голдбергнинг ўзи катта мақоласида маълум қилди, кейин эса маълумотни Оқ уйнинг ўзи ҳам тасдиқлади.
«Биз бегона рақам ёзишмаларга қандай қўшилганини ўрганмоқдамиз», – деди Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Брайан Ҳюз.
«АҚШ миллий хавфсизлик раҳбарлари мени Ямандаги бўлажак ҳарбий зарбалар ҳақидаги гуруҳ чатига қўшишди. Бу ҳақиқат бўлиши мумкин деб ўйламагандим. Аммо кейин бомбалар туша бошлади», – деб ёзган Голдберг ўз мақоласида.
Хабар қилишларича, журналист 14 март куни Signal мессенжеридаги «Houthi PC small group» номли гуруҳга қўшилган. Бу гуруҳ, тахминий маълумотларга кўра, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц томонидан яратилган. Унда юқори лавозимли расмийлар, жумладан, вице-президент Жей Ди Вэнс, мудофаа вазири Пит Ҳегсет, давлат котиби Марко Рубио, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф, маслаҳатчи Стивен Миллер ва бошқалар – жами 18 киши иштирок этган.
Чатда Яманга зарба вақти ва кетма-кетлиги, қўлланадиган қурол турлари, эҳтимолий сиёсий оқибатлар, Европанинг реакцияси, операцияни кечиктириш тарафдорлари ва қарши фикрлар каби масалалар муҳокама қилинган.
15 март куни соат 11:44 да Пит Ҳегсет ҳужумнинг батафсил режасини юборади. Орадан икки соат ўтмасдан – 13:45 да – Яман пойтахти Санода кучли портлашлар рўй беради. Бу эса чатдаги ёзишмаларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди.
Операция якунланганидан сўнг гуруҳда табриклар алмашилган, ҳужум натижалари муҳокама қилинган, ҳусийчилар етакчиларидан бири нобуд бўлган бўлиши мумкинлиги ва зарбанинг савдо алоқаларига таъсири кўриб чиқилган.
Журналист ушбу воқеалардан сўнг гуруҳни тарк этган ва ундан на изоҳ, на сўров олинган.

Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби ушбу ҳолатни қуйидагича шарҳлади:
«Бу ҳақиқий хабарлашув занжири бўлган. Журналистнинг қўшилиши тасодиф бўлган. Ямандаги операция муваффақиятли ўтди, ҳарбийлар учун хавф-хатар юзага келмаган».
Президент Доналд Трамп ҳаво ҳужумларининг «қатъий ва кучли» тўлқинини ўтказиш қарорини қуролли гуруҳнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумлари билан изоҳлади – бу дунёдаги энг муҳим нефт ва ёқилғи ташиш йўналишларидан бири.
















