ЖССТ «заҳарли сироплар» хавфи доимий эканини маълум қилди
Чунки сохта ингредиент солинган бочкалар омборларда қолган бўлиши мумкин. Йўталга қарши сироплар ва унинг таркибига кирувчи пропиленгликолнинг сақлаш муддати эса тахминан икки йил.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) йўталга қарши заҳарли сироплар билан боғлиқ глобал таҳдид ҳали ҳам йўқолмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters ёзди.
Ташкилот ўтган йили уч мамлакатда (Гамбия, Ўзбекистон, Индонезия) 300 дан ортиқ бола ўлимига сабаб бўлган заҳарли дорилар билан боғлиқ ҳодисалардан кейин, бу мамлакатлар сафига яна олтитаси қўшилгани ҳақида хабар берди.
ЖССТ сифатсиз ва контрафакт дорилар билан боғлиқ ҳодисалар бўйича гуруҳ раҳбари Рутендо Кувана янги давлатлар номини айтишдан бош тортди, чунки суриштирув-тергов жараёни ҳали ҳам давом этмоқда.
У заҳарли дорилар яна бир неча йил давомида топилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, чунки сохта ингредиент солинган бочкалар омборларда қолган бўлиши мумкин. Йўталга қарши сироплар ва унинг таркибига кирувчи пропиленгликолнинг сақлаш муддати тахминан икки йил.
«Бу доимий хавф», деди Кувана.
Фармацевтика соҳаси мутахассисларининг маълумотига кўра, баъзи «виждонсиз» ишлаб чиқарувчилар пропиленгликолни заҳарли муқобиллар - этиленгликол ва диэтиленгликол билан алмаштирмоқда, чунки улар арзонроқдир. Бундай моддалар кўпроқ тормоз суюқлиги ва инсон истеъмоли учун мўлжалланмаган бошқа маҳсулотларда қўлланилади.
ЖССТ хулосасига кўра, 2021 йилда пропиленгликол нархи кескин ошгани сабабли, бир ёки бир нечта таъминотчилар уни арзонроқ, аммо заҳарли суюқликлар билан аралаштирган, деди Кувана. У таъминотчилар қаерда эканини айтмади ва ноаниқ таъминот занжирлари буни исботлашни қийинлаштиришини қўшимча қилди. Фармацевтика ишлаб чиқарувчилари, одатда дори ингредиентларни ташқи таъминотчилардан сотиб олади.
ЖССТ 2001 йилдан бери 5 ёшгача бўлган болаларга йўталга қарши сиропларни бермасликни тавсия қилади, чунки уларнинг қанчалик самарали экани ёки ножўя таъсирлари ҳақидаги далиллар етарли эмас.
ЖССТ барча мамлакатларни дори воситалари устидан назоратни кучайтиришга чақирмоқда. Шунингдек, дори воситаларини синаб кўриш учун ресурсларга эга бўлмаган мамлакатларга ёрдам таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрь ойида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 МАХ» йўталга қарши сиропидан Ўзбекистонда ўнлаб болалар ҳалок бўлган эди.
2023 йил январь ойида ЖССТ Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Амбронол» йўтал сиропи ва «Док-1 МАХ» сиропи таркибида диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари борлигини тасдиқлади.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
17:08 / 30.10.2024
Дунёда силга чалиниш ҳолатлари ошди – ЖССТ
00:26 / 27.10.2024