Филм ўзи нима ҳақда?

V for Vendetta фильми Гай Фокс ниқобини таққан, ҳақиқат қидирувчи, бир неча йилдан буён мамлакатда ялпи назорат ва ҳарбий диктатура ўрнатган ҳукуматга қарши курашувчи, ўтмишда унга даҳшатли азоб берган инсонлардан қасос олувчи V исмли шахс ҳақида.

Шунингдек, V томонидан қутқарилган, мухолифат вакили бўлган ота-онаси ҳукумат буйруғи билан қамоққа олиниб, ҳалок бўлган, V’нинг шеригига айланган Иви образи ҳам фильмнинг бош қаҳрамонларидан бири.

Картинада V’нинг қасос, анархизм ва демократия йўлидаги кураши ва Ивининг бундаги роли тасвирланади.

V ниқобини тақиб юрувчи Гай Фокс ким?

Бунинг тарихи XVII асрга бориб тақалади. Бу даврда Англия аллақачон «денгизлар ҳукмдори» мақомига эришган, дунёнинг қудратли давлатига айланганди. Олдинги ҳукмдор, Елизавета I мамлакатда опаси Мария ўтказган Контрреформацияни бекор қилиб, протестантликка ҳомийлик қилади. Бу эса мамлакатдаги католиклар норозилигига сабаб бўлади.

Улар Елизавета вафот этгач, унинг валиаҳди деб эълон қилинган Шотландия қироли, католик Жеймс VI’га умид боғлайди. Чунки Англиядан фарқли равишда, Шотландияда католик оқими ҳали анча мустаҳкам эди. Бироқ Жеймс I номи билан Англия тахтига ўтирган Жеймс VI, аксинча, протестантликка ҳомийлик қила бошлайди. Натижада, католиклар мамлакатда Контрреформация ўтказишга ва ҳокимиятни яна католиклар қўлига қайтаришга аҳд қилади.

Улар қирол ва протестантлар кўпчиликни ташкил қилувчи парламентни йўқ қилиш учун фитна тайёрлайди. Тарихда бу фитна «порох фитнаси» деб аталади. Фитначилар 1605 йил 5 ноябрда, қирол парламентнинг ҳар икки палатаси йиғилишида нутқ сўзлаётган пайтда парламент биносини порох ёрдамида портлатишни мақсад қилади.

«Порох фитнаси»нинг энг машҳур аъзоси Гай Фокс эди. У парламент остига жойлаштирилган порохни назорат қилиб туриши ва портлатиши керак эди ва шунинг учун бошқа фитначилар пойтахтни тарк этса-да, Фокс Лондонда қолади. Аммо фитна хабари, унга жуда кўп одам жалб қилингани туфайли, қиролга яқин инсонларгача етиб боради ва у амалга ошмайди. 1605 йил 4 ноябр куни ярим тунда қироллик аскарлари парламент биноси ертўласидан Гай Фокс ва порох солинган ўнлаб бочкаларни топади.

Фитнанинг барча иштирокчилари, жумладан Фокс ҳам қатл этилади. Қирол буйруғи билан 5 ноябр «нажот куни» деб эълон қилинади. Шундан сўнг Англия аҳолиси ҳар йилнинг шу кунида «Гулхан куни» ёки «Гай Фокс кечаси» байрамини ўтказади ва Фокснинг сомон ҳайкалчалари ёқиб юборади.