Совет тузумнинг энг катта адолатсизлиги шунда эдики, бошқа миллатларнинг, масалан ўзбекларнинг тарихи, миллий қаҳрамонлари ва қадриятлари ҳақида тадқиқот ўтказиш ёки оддий қилиб ёзиш ҳам мумкин эмасди. Аммо рус халқининг “буюк ўтмиши” ва қаҳрамонларини тинмай улуғласа бўларди. Бу учун ҳатто мукофотлар ҳам беришарди.

Узоққа бормайлик, Амир Темур, унинг фарзандлари ва бошқа тарихий шахсларнинг ҳаётини холис ўрганиш қатъиян тақиқланган тузумда Петр I ҳақида бемалол тадқиқотлар ўтказиш, уни кўкка кўтариб, мақтаб роман ёзиш мумкин эди.

Совет тузумининг нохолис сиёсати Сталин вафотидан кейин ҳам давом этади. 1960-йилларда ҳам ўзбек бўладими ёки бошқа миллат вакили, ўз тарихи ва миллий қаҳрамонлари ҳақида ҳеч нарса ёза олмасди.

Йўқ, ёзиш мумкин эди. Фақат Москва хоҳлагандай қилиб ўз аждодларини ёмонлаб, тарихий шахсларни салбий бўёқларда тасвирлаб ёзиш мумкин эди. Холис ёки мақтаб ёзиш мутлақо мумкин эмасди. Мабодо кимдир “ўзбошимчалик” билан шу ишни қилса, ўша одам кимлигидан қатъи назар советлар тайзиқи остида қоларди.

Ана шундай ишлардан бири ўзбек академик олими, 1960-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбек совет энциклопедияси бош муҳаррири бўлган, Ўзбекистонда тарих ва фалсафа илмида жуда катта ишлар қилган Иброҳим Мўминов билан содир бўлади.

Олим 1968 йилда “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” номли рисола ёзиб чоп эттиради ва совет тузумининг тазйиқлари остида қолади. Кўп ўтмай уни энциклопедия бош муҳаррирлигидан бўшатишади. Олим учун синовли кунлар бошланади. Охир-оқибат Иброҳим Мўминов вафот этади.

Ҳа, тузум Амир Темур ҳақида бор-йўғи рисола ёзган ва ҳатто хорижий давлатларда ҳам таниқли бўлган олимнинг бевақт ўлимига сабаб бўлади.

Иброҳим Мўминов 1908 йил 7 ноябр куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилади. Мактабдан сўнг у Бухородаги институтда ўқийди. 1925 йилдан мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. 1931 йилда Самарқанддаги Ўзбекистон Педагогика академиясининг тарих-фалсафа йўналишини тугатади. Самарқанд давлат университетининг ташкил этилишида фаол иштирок этади, бир неча йил шу олийгоҳда турли вазифаларда ишлайди.

Иброҳим Мўминов 1943 йилда Ўзбекистон ССР Фанлар академиясини ташкил этишда иштирок этади ва унинг мухбир аъзоси этиб сайланади. Докторлик диссертациясини Москвада Фалсафа институтида ҳимоя қилади ва Самарқандга қайтиб 1955 йилгача СамДУда фалсафа кафедраси мудири сифатида ишлайди.

Олим 1955—1956-йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти директори бўлади. 1956 йилда академик бўлади ва Фанлар академияси вице-президенти этиб сайланади. У бу вазифада вафотигача ишлайди.