АҚШ Ямандаги исёнчи ҳусийчиларга «қатъий ва кучли» ҳаво зарбалари тўлқинини бошлади, деди президент Доналд Трамп ва ўз қарорини қуролли гуруҳнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумлари билан изоҳлади – бу дунёдаги энг муҳим нефт ва ёқилғи ташиш йўналишларидан бири.
«Бугун мен Америка Қўшма Штатлари ҳарбийларига Ямандаги ҳусий террорчиларга қарши қатъий ва кучли ҳарбий чора кўришни буюрдим. Улар Америка ва бошқа давлатларнинг кемалари, самолётлари ва дронларига қарши қароқчилик, зўравонлик ва терроризмнинг тинимсиз кампаниясини олиб бормоқда», деб ёзди у Truth Social саҳифасида.
«Террорчи ҳусийчиларга хабар бераман: сизнинг вақтингиз тугади. Сиз бугуноқ ҳужумларни тўхтатишингиз керак. Акс ҳолда, сизни ҳали ҳеч қачон бошдан кечирмаган дўзах азоби кутмоқда», деб қўшимча қилган АҚШ президенти.
«Бизнинг жасур ҳарбийларимиз ҳозирда Америка денгиз, ҳаво ва ҳарбий-денгиз активларини ҳимоя қилиш ва кемалар қатнови эркинлигини тиклаш учун террорчилар базалари, уларнинг етакчилари ва ракетага қарши мудофаасига ҳаводан зарбалар бермоқда», деб ёзган Трамп.
Ҳусийчилар ўз баёнотида АҚШ ва Буюк Британияни Сано аҳолисига қарши «ёвуз» тажовузда айблади. Бироқ Лондоннинг Яманга шанба кунги зарбаларга алоқаси йўқлиги маълум.
The New York Times газетасининг икки юқори мартабали америкалик мулозимга таяниб хабар беришича, Қўшма Штатлар Яман ҳусийчилари назоратидаги ўнлаб объектларга кенг кўламли ҳарбий зарбалар беришни бошлаган.
Ҳусийчилар назорати остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги зарбалар оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлгани ва тўққиз киши яраланганини маълум қилди.

Ҳусийчилар – яманлик шиа жангари ҳаракати бўлиб, расман «Ансоруллоҳ» номи билан танилган. Улар Яман ҳукуматига қарши, шунингдек, Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчиларига фаол қуролли қаршилик кўрсатади, Исроилни асосий душмани деб ҳисоблайди.
Ҳаракат 1990-йилларда Ҳусайн Ал-Ҳусий таъсирида пайдо бўлган ва унинг номи билан аталган. Ҳусийчилар 2014 йилдан бери мамлакат пойтахти Санони ҳамда мамлакат шимоли-ғарбини назорат қилади, аммо халқаро даражада тан олинмаган. Улар Эрон томонидан қўллаб-қувватланади ва бу уларни Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кенгроқ минтақавий қарама-қаршиликнинг бир қисмига айлантиради.
Трамп Эронни ҳусийчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақириб, Вашингтон Теҳронни «тўлиқ жавобгарликка тортиши» ҳақида огоҳлантирди.










