Бортида европаликлар бўлган биринчи самолёт аллақачон Нигердан қайтиб, 262 кишини Парижга олиб келган.

Германия ўз фуқароларига Франция таклифидан фойдаланишни, унинг самолётларида ортга қайтишни маслаҳат берган.

Мамлакат ҳукуматига радикал гуруҳларга қарши курашда ёрдам берган халқаро кучлар таркибига кирувчи мингга яқин француз аскари ҳам Нигерда жойлашган. Ҳозирча Франция уларни олиб чиқмоқчи эмас.

Африканинг ушбу давлатида Франциянинг 600 га яқин ва Германиянинг юзга яқин фуқароси истиқомат қилади.

Италия Ташқи ишлар вазирлиги Нигер пойтахти Ниамейда тўқсон нафар италиялик борлиги, бутун мамлакат бўйлаб эса уларнинг сони беш юзга яқинлиги, уларнинг аксарияти ҳарбий хизматчилар эканини маълум қилди. Испания ҳам ўз фуқароларини эвакуация қилишга тайёрланмоқда.

Франция ҳукумати, шунингдек, Нигерга фуқаролик рейслари тўхтатилгани ва одамлар, агар хоҳласа ҳам, мамлакатдан мустақил равишда чиқиб кета олмаслиги сабабли ўз фуқароларини эвакуация қилишга қарор қилганини таъкидлади.

Франциянинг ядровий ёнилғи ишлаб чиқарувчи Orano компанияси ҳозирча Нигердаги фаолиятини давом эттиришини маълум қилди. Нигерда қазиб олинувчи уран унинг барча маҳсулотларининг тахминан 10 фоизини ташкил қилади. Франция фуқароларининг эвакуация қилиниши компания фаолиятига таъсир қилмаслиги керак, чунки ходимларнинг аксарияти Нигерия фуқаролари.

Хабарларга кўра, сўнгги кунларда Ниамейда вазият нисбатан тинчлигича қолмоқда.

Францияга қарши намойишлар

Исёнчиларни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш. Намойишчилардан бирининг қўлидаги плакатда шундай ёзилган: «Франция йўқолсин!» Фото: Reuters 

31 июл куни давлат тўнтаришнинг юзлаб тарафдорлари Ниамейдаги Франция элчихонаси олдида тўпланганди. Улар «Йўқолсин Франция!» дея бақириб, Франция байроғини ёқди ва Франция элчихонасини тошбўрон қилди, кейин эса бино деворларига ўт қўйди.

Полиция уларни кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамидагина тарқатишга муваффақ бўлди.

Тўнтариш тарафдорларининг бир қисми «Яшасин Россия!» ва «Яшасин Путин!» дея ҳайқирган.

Бу эса Франциянинг собиқ мустамлакаси ҳам ҳарбий тўнтаришдан сўнг қўшни Мали ва Буркина-Фасода ҳокимият ҳарбийлар қўлида ўтгандан кейин содир бўлгани каби Россия томон юз буриши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни яна бир бор тасдиқлади.