Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида вояга етаётган ёшларнинг ҳаётга тайёрланиш йўли бир хилда кечмаяпти. Атроф-муҳит, шароит ва имкониятларнинг турлича бўлиши ёшларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Баъзилар тезроқ ва қулайроқ йўллар билан ривожланиш имконига эга бўлаётган бўлса, айрим ёшлар ўз йўлини топишда қўллаб-қувватлашга муҳтож. “Teach for Uzbekistan” лойиҳаси айнан шу фарқларни камайтиритиш, ҳар бир болага ўз орзулари сари дадил қадам ташлаш учун илҳом, ишонч ва намуна бўла оладиган етакчиларни тайёрлашга ҳаракат қилмоқда.

Ушбу лойиҳа дунёнинг 63 мамлакатида таълим ташаббусларини қўллаб-қувватловчи “Teach for All” глобал тармоғининг Ўзбекистондаги бир бўлаги сифатида ташкил этилган. Дастурнинг асосий мақсади чекка ҳудудлардаги болаларга ҳам пойтахтдагилар билан тенг билим олиш имконини беришдан иборат. Бу орқали таълимдаги ҳудудий тафовутларни камайтириш ва ҳар бир боланинг сифатли билим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган. Лойиҳа доирасида хориж ва Ўзбекистондаги нуфузли олийгоҳларда таълим олган истеъдодли ёшлар чекка ҳудудлардаги мактабларга дарс ўтиш учун юборилмоқда.

“Teach for Uzbekistan” лойиҳаси биринчи босқичи бошланганига 1 йилдан ошди. Бу муддат ичида педагогик маҳорати шаклланган ёш мутахассисларнинг Қашқадарё вилояти энг чекка туманларига бориб, мактабларда дарс бериши йўлга қўйилди.

Лойиҳага иштирокчиларни саралаш учун танлов эълон қилинганида 740 нафардан ортиқ номзод ариза топширгани, уларнинг кўпчилиги нуфузли олий таълим муассасалари битирувчилари экани ва энг асосийси чекка ҳудудларда ишлашга тайёрлигини билдиришгани бизни қувонтирди.Талабгорлар орасидан 12 нафар мутахассис танлаб олиниб, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Чироқчи туманларига 2 йилга юборилди. Мазкур ҳудудлар танланишига сабаб у ерда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш пастлиги, мактабларда ўқувчиларнинг академик кўрсаткичлари нисбатан сустлиги, шунингдек, STEAM фанлари бўйича ўқитувчилар етишмаслигида. Ҳозирда ўқитувчиларимиз 4 та мактабда 1500 дан ортиқ болага математика, биология, кимё, инглиз тили фанлари бўйича дарс ўтишмоқда”, – дейди лойиҳа раҳбари Умида Йўлдошева.

Унинг айтишича, лойиҳа барча олийгоҳлар битирувчилари учун очиқ бўлиб, педагогик диплом талаб этилмайди. Масалан, тиббиёт ёки юридик йўналиш битирувчиси кимё ёки ҳуқуқ фанидан дарс бериши мумкин. Муҳими номзоднинг фан бўйича билим даражаси ва болалар билан ишлаш салоҳияти. Лойиҳага қабул қилиниш жараёнида мутахассисларнинг педагогик қобилияти, дарс ўтиш услуби, болалар билан мулоқотдаги ёндашуви, стрессга чидамлилиги каби жиҳатлар текширилган. Танлаб олинганлар беш ҳафталик интенсив педагогик тайёрлов курсида иштирок этиб, икки йил давомида дарс ўтиш учун Қашқадарёга юборилган.