15:10 / 14.08.2023
26427

Тошкентда иккиламчи кўчмас мулк учун ўртача нархлар йиллик нисбатда қарийб 31 фоизга ошди

Июль ойида Тошкент шаҳридаги 1 кв м учун ижара ҳақининг юқори қиймати Миробод (11,7 доллар), Яккасарой(10,7 доллар) ва Шайхонтоҳур (10,5 доллар) туманларида қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг июл ойида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони деярли 25 мингни ташкил этди, бу бир ой олдингига нисбатан 5,5 фоизга кўп. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида келтириб ўтилган.

Энг катта ўсиш Андижон – 19,5 фоиз, Сирдарё – 16,8 фоиз ва Жиззах – 16,5 фоиз вилоятларида қайд этилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уй-жой савдоси 22,7 фоизга ошган.

 

Тошкентдаги уй-жой ижараси нархларининг пасайиши секинлашган. Июн ойида ижара нархлари 2,4 фоизга пасайган бўлса, июлда бу кўрсаткич 0,7 фоизни ташкил этган. 

1 кв м учун уй-жой ижарасининг энг юқори нархлари Миробод (11,7 доллар), Яккасарой (10,7 доллар) ва Шайхонтоҳур туманларида (10,5 доллар), энг паст нархлари эса Бектемир (5,6 доллар), Сергели (6,4 доллар) ва Учтепа (7,1 доллар) туманларида кузатилган.

Шу билан бирга, ўтган йилга нисбатан Тошкентда ўртача ижара нархи 7,7 фоизга ошган. 

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йил июль ойида иккиламчи бозорда уй-жойларнинг 1 кв м учун ўртача нархи 1,8 фоизга қимматлашган. Бу кўрсаткич январда – 0,9 фоизни, февралда – 4,5 фоизни, мартда – 0,2 фоизни, апрелда – 1,7 фоизни, майда – 2,5 фоизни, июнда – 0,8 фоизни ташкил этган. Йиллик нисбатда эса уй-жой нархларининг ошиши 23,3 фоизга етган.

2022 йил июль ойидан бошлаб уй-жой нархининг энг катта ошиши Наманган шаҳрида – 35,3 фоиз, Тошкент вилоятида – 32,3 фоиз ва Тошкент шаҳрида – 30,9 фоиз кузатилган.

Top