Тинимсиз меҳнат ва ортга чекинмаслик келтирган омад. Миллий бренд асосчисининг мураккаб ҳаёт йўли ҳақида
“Деҳқон”, “домла”, “дайди”, “палапартиш”, “бозорбой”... Ўзбекистонлик тадбиркор Алексей Маншаев ўзи ишлаб чиқараётган сумка, ҳамёнларни мана шу номлар билан атаган. У ўзбек маҳсулотларини дунёга ўзбекча номлар билан машҳур қилишни истайди. Қаҳрамонимиз мардикорликдан чарм саноатига қандай келиб қолгани, ҳозирда 300 хил моделда маҳсулот чиқараётган фабрикасининг фаолияти – умуман ўзи билан боғлиқ қизиқ воқеалар ҳақида гапириб берди.
Алексей Маншаев 1978 йилда Тошкентда таваллуд топган. У 26 йилдан бери чарм маҳсулотидан сумка, ҳамён, аёллар учун турли аксессуарлар, қолаверса, уй учун керакли ашёлар, турли матолардан кийим-кечаклар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. У чиқараётган барча маҳсулотлар “Канишка” бренди остида сотилади.
“Канишка Фур” МЧЖ бош директори Маншаев салкам 30 йилдан бери бизнес майдонида, аммо шунга қарамай, у ўзини тадбиркор деб билмайди. Асосий фаолиятини ижод, дизайнерлик билан боғлайди.
“Ўзбек тилида биринчи бўлиб сўкишни, кейин қизлар билан гаплашишни ўргангандим”
Ёшлигимда мардикор бозорга чиқардим. Мардикор бозорда бир бола билан танишдим. Менга иш таклиф қилди, мен у ишнинг нималигини ҳам билмасдим. “Шу ишни қиласан, шунча ойлик оласан”, – деб ишга чақирди. Хом терини тортиб, мих билан қоқар эдим. Жуда оғир иш бўларди. Ўша вақтларда мўйна, қоракўл териларни бичиб, мода бўлгани учун шубалар қилар эдик, Россияга жўнатардик. Айнан ўша йилларда тикиш, бичиш, териларни ажратишни – умуман шу соҳада ишлаш технологиясини ўргандим. Кейин эса ишхонамиз ёпилди, тўсатдан ишсиз қолиб кетдим. Шундан сўнг ҳамма ишни ўзим қайтадан бошладим, нолдан эмас, 3-4 та тикув машина, 4 нафар ходим бор эди. Шулар билан ишимизни бошқатдан бошладик.
Ишхонамиз Себзор-эски шаҳарда жойлашганди, ўша ерда ўзбек тилини ҳам ўрганганман. Ўзи аслида ўзбек тилини билмасдим, рус маҳаллада катта бўлганман, рус мактабда ўқиганман. Ишхонага келгач, қарасам, ҳеч ким рус тилини билмайди. Ўзбек тилида биринчи бўлиб сўкишни, кейин қизлар билан гаплашишни ўргангандим. Кейин секин-секин қолган сўзларни ўргандим. 3-4 ойдан сўнг ўзбек тилида яхши гапиришни бошладим.
Фаолиятимизнинг бошида “обород”ларимиз унча ҳам катта бўлмасди, мен, 2 нафар бола ва 2 нафар тикувчимиз бўларди. Мен ўзим бичардим, 2 бола ишларди, ичкарида яна тикувчиларимиз тикишарди. Биз бутун тери олмасдик, унга пулимиз бўлмас эди. Кичкина қисмларни, қолиб кетган “отход”ларни килограммлаб сотиб олиб, ўзим дизайнерликка қизиққаним учун нимадир ўйлаб, маҳсулот ишлаб чиқарардик. Теридан қолган қолдиқларни килограмми 1 доллардан ҳисоблаб чиқардим, кейин ундан нимадир ясаб, тахминан 100 долларга сотардим. Мияни ишлатиб, кўпроқ фойдали иш қилар эдим. Бизга қайсидир маънода арзон ҳам тушар эди. Масалан, маҳсулотларимиз 50 доллардан тушса, 100 долларга сотар эдик. Фақат кўп меҳнат кетарди. Ўзбекистонда ҳеч ким бу ишларни қилмасди, барибир сифатли қилишмасди. Мен эса буни ўйлаб, янги технологияларини топиб бажарардим.
“Менда ҳеч қандай иқтидор бўлмаган, шунчаки пул топиш, ота-онамни боқиш учун ҳаракат қилар эдим”
Ишхонада ҳам ётиб қолар эдим. Бир кун уйга борар эдим, кейинги куни эса йўқ. Тери бичадиган столимиз устига терини ташлаб, унинг устига ётиб, устимга ҳам терини ташлаб ухлар эдим. Совуқ вақтида ҳамма сувараклар совуқдан қочиб, иссиққа, менинг ичимга кириб кетарди. Эрталаб терини очиб қараб, суваракларни ҳайдаб, овқатланиб яна ишлашга кетардим. Бошқа йигитлар кунига 2 та пўстин учун тери бичишса, мен 3 та бичардим. Кўпроқ пул топаман деб кечаси билан ишлар эдим. Кейинчалик қўшимча пул топгач, алоҳида уйга чиқиб кетдим. Алоҳида уйда ижарада яшардим, ўша ерда ҳам бутун хонанинг ярми тери бўлиб ётарди. Ишдан уйга қайтардим, телевизорга қараб терини кесиб, нимадирлар қилар эдим. Кечки 1-2 гача қанча куч бўлса, териларни бичиб, эрталаб бориб шуларни тиктирар эдим. Кўп ишлар эдим, менда ҳеч қандай иқтидор бўлмаган, шунчаки пул топиш, ота-онамни боқиш учун ҳаракат қилар эдим. Ҳалиям югураман, ишхонага келаман, эски кийимларимни кийиб, ўзим тери ажратаман, тери тушираман, бозорга тушаман, бозордан материал сотиб оламан, автомобил томига ортаман. Ҳамма катта, қиммат машинада шунча кўп нарса олиб кетишимга ҳайрон бўлиб қарайди, “бундай машинада шунча нарса олиб кетиш уят, шарманда”, – дейди.
Кейин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб олгач, тахминан 5-10 йиллардан кейин институтга кирдим. Ўзимнинг ҳунаримга яқин олийгоҳни қидирдим, Тошкент енгил-саноат институтига ёки Тошкент давлат иқтисодиёт университетига топширмоқчи бўлдим, лекин ҳаммасига кириш қиммат эди. Биттасига 10 минг доллар, иккинчисига 15 минг доллар сўрайди. Ўша вақтда менда унча пул бўлмасди. Сўнг қарасак, янги дизайнерлик институти очилди. Расм чизишни озмунча билардим, кейин 30 ёшларимда шу институтга сиртқи таълимига кирдим. Ўқиш вақтида жуда кўп хориж давлатларига: Германия, АҚШ, Хитойга борганман.
“Мажбур бўлганимдан тадбиркор бўлиб кетганман, лекин ўзим дизайнерман”
Ишхонада ҳаммамиз битта катта оиламиз. Ходимларни танлаб-танлаб оламиз. 10-20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга одамлар кўп. Ҳаммаси биттадан кўпайиб борган, айтяпман-ку, агар мен ҳақиқий тадбиркор бўлганимда бизда 1,5 минг нафар одам ишларди. Менинг характерим умуман бошқача, ўзим дизайнга қизиқаман, нимадир янги нарсани яратишга қизиқаман. Мажбур бўлганимдан тадбиркор бўлиб кетганман, лекин ўзим дизайнерман. Ёшлигимдан санъатга қизиқардим, ҳамма рассомларни танийман. Ўзи аслида мактабни тугатгач, фалсафа-психология факультети бор олийгоҳга кирмоқчи бўлганман. Рақобат кучли бўлгани, пулим бўлмагани, камбағал бўлганим сабаб репетиторга пул йўқ эди, кейин у ОТМга ҳам кира олмадим.
Биз кўпроқ табиий чармдан сумка, ҳамён, камар, ғилоф – умуман 300 хил турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарамиз. Материаллардан ҳам футболка, шим чиқарамиз, қолаверса, уй учун гилам, ёстиқларни ҳам қиламиз. Тушимда ҳам фикр келса, ишхонага келиб, ўшани нарсани қилишга уринамиз. Миямга нима келса, ўшани синаб кўраман. Дизайнерлик, ҳунаримнинг нимаси ёқади? Катта ёшда бўлишимга қарамай, ёш боладек истаган нарсамни ясасам бўлади. Қўлимга қалам, ручка, қоғозни олиб, озгина расм чизсам бўлди, битта сумка, унинг ушлагичини чизаман, йигитларга бераман, технология билан уни ишлаб чиқарамиз. Ёш боладек ўйнаб, пул топса бўлади, зўр-ку.
Биз сумка, ҳамёнларимизнинг ҳаммасига ўзбекча ном берамиз. Чунки ишчиларнинг ҳаммаси ўзбеклар, ўзбек тилида сўзлашади. Уларга осонроқ бўлсин деб ўзбекча берамиз. Биз чет эл сўзларига қизиқмаймиз, аксинча ўзимизнинг сўзларимизни машҳур қилишга уринамиз. Масалан, “деҳқон” сумкамиз бор, бу сумка одамларнинг пахта териб юрган халталарига ўхшайди. “Домла”, “дайди”, “раис”, “қалқон”, “чўпон”, “тўқим”, “бозорбой” номли сумкаларимиз ҳам бор.
Интервюнинг тўлиқ қисмини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчилар: Абдусалим Абдувоҳидов, Боймирза Ҳалилов,
Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.
Тавсия этамиз
Ёзда топ-клублар «талашиши» кутилаётган 11 ҳужумчи
Спорт | 15:30 / 01.04.2025
Контейнерни ўқув марказига айлантирган водиллик талаба ҳикояси
Жамият | 09:03 / 01.04.2025
Европа учта муаммо исканжасида қолди — Раббимов
Жаҳон | 21:00 / 31.03.2025
Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилади
Ўзбекистон | 21:35 / 30.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Испания кубоги. «Барселона» «Атлетико»ни яримфиналда қолдириб кетди. Финалда «Эл Класико» бўлади
Спорт | 02:38
-
NASA космик кемаларни ҳимояловчи янги технологияни синовдан ўтказди
Фан-техника | 01:07
-
Атлантика океанида 6,5 тонна кокаин ортилган сувости кемаси тўхтатиб қолинди
Жаҳон | 00:35
-
Amazon TikTokʼни сотиб олишга ариза берди
Жаҳон | 23:40 / 02.04.2025
Мавзуга оид

13:03 / 20.03.2025
Кичик бизнес уюшмаси ташкил этилади

10:56 / 08.03.2025
5 нафар аёлни бизнесга олиб кирган тадбиркорга 50 млн сўмгача грант ажратилади

15:04 / 05.02.2025
2025 йилда Ўзбекистонда 2 млндан зиёд аҳоли бизнесга жалб қилинади

13:23 / 27.01.2025