Тадбиркорларнинг ташқи бозорларга чиқишига кўмаклашиш, солиқ текширувларини камайтириш ва уларнинг шаффофлигини ошириш, бизнес вакилларини қийнаётган муаммоларга амалий ёрдам кўрсатиш ва бошқалар – Савдо-саноат палатасининг раиси Даврон Ваҳобов қилинган ва режалаштирилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Савдо-саноат палатаси – тадбиркорларни бирлаштирувчи ва уларга кўплаб соҳаларда кўмаклашувчи, кўнгиллилик асосида тузиладиган нодавлат-нотижорат ташкилот. Кўплаб ривожланган мамлакатларда савдо-саноат палаталари мавжуд бўлиб, аъзоларига ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа ёрдамларни кўрсатишади. Бу ташкилотлар соғлом иқтисодий жараёнларнинг ажралмас қисмига айланган. Ўзбекистонда ҳам савдо-саноат палатаси бор ва мамлакатдаги тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишда бизнес вакиллари билан бирга ишлайди. Kun.uz мазкур ташкилот раҳбари Даврон Ваҳобов билан интервю ташкил қилди.
— Экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар қандай қўллаб-қувватланмоқда?
— Пандемия даврида логистикада нархлар кўтарилгани учун бу бўйича алоҳида субсидиялар берила бошланди. Ўртача 6 мингта экспортчи корхона бўлса, ушбу корхоналар логистика харажатларининг 50 фоиздан 70 фоизгача қисми қоплаб берилди. Бундан ташқари, талаб қилинадиган сертификат-ҳужжатларнинг маълум бир қисми бекор қилинди. Халқаро стандарт сертификатларининг харажатларини ҳам Экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш агентлиги тўлаб беряпти. Ярмарка ва кўргазмаларда қатнашиш механизми кучайтирилиб, бунинг ҳам харажатлари агентлик томонидан қопланади. Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан сўнг логистика харажатларини қоплаб бериш учун 100 млн доллар ажратилди. Бугунги кунда санкциялар сабаб баъзи коридорлардан фойдаланиб бўлмайди, янги коридорлар эса қиммат. Шунинг учун пул ажратилди.
— ССП солиқ текширувларининг шаффофлигини ошириш борасида қандай чоралар ишлаб чиқади?
— Очиқ рейтинг юритилиб, маълум критириялар бўйича тадбиркорларга ҚҚСнинг қайтариб берилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, ортиқча текширувларга йўл қўймаслик бўйича ҳам амалий ишлар олиб бориляпти. Тадбиркорларга ёрдам бериш, ўсиш механизмларини ўйлашимиз керак бўлади. Рейтинг масаласи ҳозирча фақат солиққа тегишли бўлса, ҳали яна бошқа факторлар ҳам қўшилади бу рейтингга. Ҳар хил текширувлар камайгач, тадбиркорлар бемалол ўз иши билан шуғулланади. Рейтингдаги корхоналарнинг маълумоти электрон шакллантирилиб борилаверади, ортиқча текширувларга ҳожат бўлмайди.















