08:38 / 14.09.2023
4041

«Медуза» асосчиси Тимченконинг айфони жосуслик дастури билан зарарланган

«Медуза» нашри асосчиси ўзининг айфонида Pegasus дастурини аниқлади. Унинг ишлаб чиқувчиси - Исроилнинг NSO компанияси - уни фақат давлатларга сотади. 

Галина Тимченко Фото: Claudio Furlan/LaPresse/Zuma/picture alliance

«Медуза» интернет-нашри асосчиси Галина Тимченконинг айфони Pegasus жосуслик дастури билан зарарланган. Бу ҳақда 13 сентябр, чоршанба куни  Access Now нотижорат ташкилоти ва нашрнинг ўзи маълум қилди

Аниқлик киритилишича, «Медуза» техник бўлими мутахассислари телефон суҳбатлари тингланганидан июн ойида хабар топган. Тахминларга кўра, айфон 2023 йил феврал ойи ўрталарида Тимченконинг Берлинга ташрифидан олдин зарарланган. 

Исроил разведка хизматлари ходимлари томонидан асос солинган NSO компанияси томонидан ишлаб чиқилган Pegasus дастури ҳакерга смартфоннинг овози, камераси ва хотирасига кириш имконини беради. «Шу тариқа, номаълум одамлар телефоннинг барча мазмунига, жумладан, уй манзили, учрашувлар жадвали, фотосуратлар ва ҳатто шифрланган хабар алмашиш суҳбатларига киришлари мумкин эди: Pegasus сизга хабарларни ёзиш пайтида тўғридан тўғри экрандан ўқиш ёки ҳар бир хабар, расм ёки электрон почта хатини шунчаки юклаб олиш имконини беради», - дея таъкидлайди «Медуза». 

Тимченконинг телефонига жосуслик дастурини ким ўрнатган?

Таҳририят Европа разведка хизматларидан бири Галина Тимченконинг телефонига жосуслик дастурларини ўрнатишга алоқадор бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Access Now маълумотларига кўра, асосий гумондорлар Pegasus дастуридан фойдаланаётган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, биринчи навбатда Эстония, Германия ёки Латвия бўлиши мумкин. Ушбу жосуслик дастурлари билан қуролланган Россия, Озарбойжон, Қозоғистон нодавлат ташкилотлари ҳам шубҳа остида.

«Медуза» хабарига кўра, Тимченконинг телефони 11 феврал куни Берлинда бўлиб ўтган Россия мустақил оммавий ахборот воситалари вакилларининг махфий учрашуви олдидан зарарланган. Икки ҳафта олдин «Медуза» Россияда «номақбул ташкилот» деб эълон қилинган эди. Бироқ, Москва Исроил жосуслик дастурига кириш имконига эга экани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ, деди журналистларга Citizen Lab катта илмий ходими Жон Скотт- Рейлтон. 

Қайд этилишича, NSO ишлаб чиқувчиси Pegasus дастурий таъминотини фақат давлат мижозларига сотади. Дастурдан биринчи навбатда махсус хизматлар фойдаланади. 2021 йилда компания Россия дастурни сотиб олмоқчи бўлгани, аммо рад жавоби олганини очиқчасига эълон қилди.

NSO Group вакили «Медуза» мурожаатига жавобан, компания ишланмалари «фақат АҚШ ва Исроил иттифоқчиларига, айниқса Ғарбий Европадаги иттифоқчиларга сотилади ҳамда фақат жиноятчилар ва террорчиларга қарши кураш учун мўлжалланган, бу - Америка миллий хавфсизлигининг глобал манфаатларига мувофиқ ҳолат», деди.

Мавзуга оид
Top