Жаҳон | 16:12
611
4 дақиқада ўқилади

“Медуза” асосчиси Тимченко сиртдан 5 йилга колонияга ҳукм қилинди

Москва шаҳри Черёмушкин туман суди Галина Тимченкони “номақбул ташкилот” фаолиятини бошқарганликда айбдор деб топди. 2024 йил июн ойида у шу модда бўйича жаримага тортилган эди, аммо Тимченко ўз ишини давом эттирган.

Фото: Интерфакс

Москва шаҳри Черёмушкин туман суди “Медуза” нашри асосчиси Галина Тимченкони “номақбул ташкилот” фаолиятини бошқарганликда айбдор деб топиб, уни сиртдан умумий режимли колонияга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Москва прокуратурасининг Telegram-каналида 25 декабр, пайшанба куни хабар эълон қилинди. Москва прокуратураси айни шу муддатдаги жазони сўраган эди. Бундан ташқари, Тимченко 5 йил давомида “ташкилий ва маъмурий-хўжалик функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ лавозимлар”ни эгаллаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди.

Тимченко бу жазони 2024 йил июнида “номақбул ташкилот” фаолиятида иштирок этганлик ҳақидаги маъмурий баённома асосида 14 минг рубл жаримага тортилганига қарамай, “Медуза”да ишлашни давом эттиргани учун олди. Жиноят иши ҳам худди шу модда бўйича 2025 йил июнида қўзғатилган. Июл ойида Галина Тимченко сиртдан ҳибсга олинган.

Айблов хулосасида Галина Тимченко “Медуза”ни “давлат тузилишига, амалдаги ҳокимиятнинг ички ва ташқи сиёсатига нисбатан нафрат ва менсимаслик ҳис қилиб” ташкил этгани таъкидланган. “Медуза” “номақбул ташкилот” деб эълон қилинганидан кейин эса Тимченкода нашр фаолиятини давом эттириш нияти “мамлакат ахборот майдонида қолиш” учун пайдо бўлгани айтилган. “Бундан ташқари, у видеохостинглардан биридаги саҳифалари орқали Россия Федерациясида содир бўлаётган турли воқеаларга оид ахборот материалларини тарқатмоқда”, дейилади прокуратура хабарида.

“Ажабланарлиси, ҳеч қандай алоҳида ҳис-туйғу йўқ. Фақат ўйлаб қолдим: режим ‘нафас олгандек ёлғон гапирадиган’ бир пайтда айблов хулосасида ҳақиқат ёзилгани ғалати экан. Мен ҳақиқатдан ҳам миллионлаб одамларнинг ҳаётини дўзахга айлантирганларга, ҳар куни уларни ўлимга юбориб турадиганларга нафрат ва менсимаслик ҳис қиламан. Ҳукмнинг ўзига келсак, машҳур ибора бор: у ёзилган қоғозга ҳам арзимайди”, — деди Тимченко Черёмушкин суди ҳукмини эшитгандан сўнг “Медуза”га.

2023 йил январда РФ Бош прокуратураси “Медуза” нашрини “номақбул ташкилот” деб тан олган. Нашр фаолияти мамлакатнинг “конституциявий тузум асослари ва хавфсизлиги”га таҳдид солиши қайд этилган. 2024 йил августда Россия Адлия вазирлиги Галина Тимченкони “чет эл агентлари” реестрига киритган.

Бундай мақомни бериш тўғрисидаги қарорни РФ Бош прокуратураси қабул қилади. Реестрни юритиш эса Адлия вазирлиги зиммасида. 2024 йилда РФ президенти Владимир Путин “номақбул” деб тан олишни кенгайтирувчи қонунни имзолаган: агар хорижий ёки халқаро ташкилотнинг таъсисчиси ёки иштирокчиси сифатида бошқа давлатнинг давлат органлари қатнашса, у ташкилот “номақбул” деб топилиши мумкин. Бу эса 2025 йил декабрида Deutsche Welle’ни ҳам рўйхатга киритиш имконини берган.

Россияда “номаҡбул ташкилот” мақомининг берилиши — унинг Россия ҳудудидаги фаолияти тақиқланишини англатади. Бундай тузилмалар билан ҳамкорлик қилиш ва улар материалларини тарқатиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка олиб келади. Иштирок учун 500 минг рублгача жарима ёки 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тайинланиши мумкин. Фаолиятни ташкил этганлик учун эса 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид