Марказий банк сентябр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари 0,7 фоиз бандга пасайиб, 13,5 фоизни ташкил қилган.

Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курси ўзгариши (65 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (45 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши(34 фоиз);
  • нархларнинг сунъий оширилиши (33 фоиз);
  • бозорда монополиянинг мавжудлиги(32 фоиз).

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари

Сентябр ойи якунлари бўйича респондент тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари 14,2 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,2 фоизга пасайган.

Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курсининг ўзгариши (68 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия ресурсларининг қимматлашиши (42 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (31 фоиз);
  • иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (29 фоиз);
  • транспорт қимматлашиши (28 фоиз).

Шунингдек, сентябр ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 13,3 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри – 14,8 фоиз, Бухоро – 14,6 фоиз ва Сурхондарё вилоятида – 14,4 фоиз, энг паст даражаси эса Қорақалпоғистон – 11,6 фоиз, Навоий – 11,8 фоиз ва Жиззах вилоятида – 12,1 фоиз сезилган. 

Истеъмолчилар томонидан нархлари юқори ўсганлиги қайд этилган товар ва хизматлар:

  • нон ва ун – 53 фоиз (жами респондентларнинг улушида);
  • гўшт ва сут маҳсулотлари – 43 фоиз;
  • бензин ва ёқилғи – 34 фоиз;
  • тухум – 31 фоиз;
  • мева-сабзавотлар – 25 фоиз;
  • қурилиш моллари – 24 фоиз.