Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Яқин Шарқдаги вазият: Ўзбекистоннинг позицияси

Ўтган ҳафта охирида қайтадан бошланган ҲАМАС–Исроил уруши бутун дунёда, хусусан Ўзбекистонда ҳам муҳокамадаги энг долзарб мавзу бўлиб турибди. Можаронинг бу сафарги кескинлашуви ҳарбий ҳаракатлар ва инсоний йўқотишлар кўлами жиҳатидан аввалгиларидан кескин фарқ қиляпти. Уруш бир ҳафта ичида Ғазо бўлгасида 2200 дан ошиқ, Исроилда эса 1300 дан ошиқ қурбонларга олиб келди. Шунга қарамай, яқин истиқболда 75 йиллик муаммонинг ечими кўринмаяпти, чунки энг асосий халқаро ўйинчилар ўз позициясида собит қолмоқда.

Урушнинг учинчи кунига келиб, 9 октябрда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқди. Расмий Тошкент курашаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатишга, инқирозни сиёсий ва дипломатик воситалар орқали ҳал қилишга чақирди. Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Исроил билан 1992 йилда, Фаластин билан 1994 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатган, уларни суверен давлатлар сифатида тан олади ва илиқ муносабатларга эга. Тошкентда Исроил ва Фаластин элчихоналари фаолият юритади. Ўзбекистоннинг Тел-Авивда жойлашган Исроилдаги элчихонаси бир вақтнинг ўзида Фаластин бўйича дипломатик ваколатхона вазифасини ҳам бажаради.

Аввалги йиллардаги эскалациялар вақтида берилган баёнотлардан келиб чиқилса, Ўзбекистон “икки халқ учун икки давлат” тамойилини қўллаб-қувватлайди ва низонинг шу пайтгача қабул қилинган БМТ резолюциялари асосида ҳал этилиши тарафдори. Бу позиция 1967 йилги чегаралар доирасида суверен Фаластин давлатини ташкил этиш бўйича бутун мусулмон оламида қабул қилинган консенсусга мос келади. Бу консенсусга кўра, Исроил оккупацияни тўхтатиши, 1967 йилги чегараларда суверен Фаластин давлати тўлалигича ташкил топишига имкон бериши ва Шарқий Қуддусни Фаластиннинг пойтахти деб тан олиши керак. Чунки бундан бошқа вариантлар фақат симптомларни вақтинча даволашга ўхшаб қолади, яъни узоқ муддатли ва барқарор тинчликни таъминлай олмайди.