Исроил қирувчи самолёти Иорданнинг ғарбий соҳилига зарба берди — 20 йил ичида илк бор
Якшанба куни Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги фаластинлик қочқинлар лагери ҳудудида жойлашган Ал-Ансор масжидига ҳаво зарбаси йўллади.
Ғазо секторидан фарқли ўлароқ, ғарбий соҳилга ҳаво ҳужумлари камдан кам учрайди. Аммо исроиллик ҳарбийлар бу ерда мунтазам рейдлар уюштириб, террорчи гуруҳлар аъзолари ҳамда Исроил ҳудудида содир этилган жиноятларда гумонланувчиларни қидиради.
Исроил қўмондонлиги вакили зарба самолёт, вертолёт ёки дрондан йўлланганига аниқлик киритмаган, аммо Исроил нашрларига кўра, ҳужум қирувчи самолёт орқали амалга оширилган. Агар шундай бўлса, бу сўнгги йигирма йилликда ғарбий соҳилда илк бор исроилликларнинг ҳарбий қирувчиси қўлланиши бўлади.
Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, масжид биноси остида «сўнгги ойлардаги бир неча терактларга жавобгар бўлган ва яқин келажакда ҳужум қилишга тайёрланаётган ҲАМАС ва «Исломий жиҳод» жангариларининг уяси» бўлган.
Воқеа жойида олинган фотосуратларда вайрон бўлган деворлар ва сезиларли даражада шикастланган бинолар акс этган.
Исроил ҳарбийлари икки жангари ўлдирилгани ҳақида маълум қилган, Фаластин мухторияти эса якшанба куни эрталаб йўлланган зарба оқибатида беш киши ўлдирилганини билдирган.
Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрида жойлашган қочқинлар лагерига UNRWA (БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги) томонидан 1953 йилда асос солинган. Исроил расмийларига кўра, шундан буён у ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» таянчига айланган.
UNRWA вакиллари айтишича, исроиллик ҳарбийларнинг Ғарбий соҳилдаги 28 соатлик рейди натижасида камида 13 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, жумладан беш нафар бола ҳам.
«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 50 та уйга шикаст етказилган, айримлари жиддий даражада шикастланган, шунингдек лагердаги йўллар, электр, сув, интернет ва канализация тармоқларига ҳам зарар етказилган, — дейилади агентлик хабарида. — UNRWA бир қанча уйлардан ҳарбий мақсадларда фойдаланилгани ва бу мазкур уйларда яшовчилар ҳаётига жиддий хавф туғдиргани ҳақида маълумот олди».
«7 октябрдан буён Ғарбий соҳилда камида 82 фаластинлик ўлдирилди», — деган агентликнинг Ғарбий соҳил бўйича бўлими директори Адам Булукос, лекин у бу рақамлар нимага асосланишига аниқлик киритмаган.
Фаластин мухторияти соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 7 октябрдан буён Ғарбий соҳилда Исроил хавфсизлик хизматлари ҳарбийлари ва кўчиб келган исроилликлар билан тўқнашувларда маҳаллий аҳоли вакилларидан камида 90 киши ҳалок бўлган.
Исроил мудофаа армияси эса фақат қўлга олинганлар тўғрисида хабар бермоқда. Унинг маълумотларига кўра, 7 октябр кунги ҳужумдан кейин Ғарбий соҳилда жами 727 нафар фаластинлик қўлга олинган, шундан 480 нафардан ортиғи турли даражада ҲАМАС билан алоқадор.
Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, якшанбага ўтар кечасининг ўзида бу ҳудудда 46 нафар фаластинлик қўлга олинган, шундан 27 нафари ҲАМАС аъзоларидир.
Кабатия ва Хевронда Исроил қўшини қуруқлик рейдлари ўтказган ва аҳолидан ўқотар қуролларни мусодара қилган (тафсилотлар келтирилмаган). Бундан ташқари, ҳарбийлар Ал-Бира шаҳрининг фаластинлик мэрини қўлга олишган — у ҳам ҲАМАС аъзоси экани айтилган.
Маълумот учун, Ғарбий соҳил Фаластин мухторияти томонидан бошқарилади. ФАТҲ сиёсий партияси раҳбари Маҳмуд Аббос мухторият президенти ҳисобланади.
Ғазо сектори эса 2007 йилдан буён ҲАМАС ҳаракати назорати остида ва бу ҳаракат аъзолари Исроил давлатини йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилган.
Мавзуга оид
17:39
2024 йилда гуманитар ёрдам ходимлари ўлими бўйича рекорд ўрнатилди – БМТ
10:30
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024