Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати Исроилдан Ғазони бомбардимон қилишни тўхтатишни талаб қилиб, акс ҳолда яҳудийлар давлатига ҳужум қилишга тайёр эканини таъкидламоқда. Хўш, қатор давлатлар террорчи деб ҳисоблайдиган бу ташкилотнинг ҳарбий салоҳияти қанақа, қўлловчилари ким? Уларнинг урушга қўшилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Kun.uz мухбири “Геосиёсат” дастурида шу каби саволларга сиёсий таҳлилчи Фарҳод Каримовдан жавоб олди.
— Ҳизбуллоҳ ўзи қандай гуруҳ ёки ташкилот?
— Ҳизбуллоҳ – дунёда ўз қўшини, инфратузилма ва молиясига эга бўлган ягона сиёсий партия ҳисобланади. 1947 йилда БМТнинг Исроил масаласида резолюцияси қабул қилингач, араб давлатлари ва Исроил ўртасида тўқнашувлар бўлади, бу урушларда араблар мағлуб бўлган. Шундай бир ҳолатда 1978 йилда бутун араб дунёси Миср вакиллигида Исроил билан тўқнашувларни тўхтатади ва ортга чекинади. Натижада бутун араб дунёсидаги одамлар норози бўлади. Шундан кейин араб жамиятларида Исроилга қарши ижтимоий-сиёсий гуруҳлар шаклланади, шулардан бири – Ҳизбуллоҳ.
1978 йилда Эронда Ислом инқилоби бўлгач, минтақадаги шиавий гуруҳларга катта таъсир қилади, яъни улар бундан руҳланади. Ливанда ўша пайтда яхши инклюзив ҳукумат шаклланган, шуларнинг орасида шиалар гуруҳи ҳам бор эди. Эроннинг қўллови билан улар ҳар томонлама кучаяди ва шиаларнинг сиёсий ҳаракати шаклланади. Талабаларнинг, бошқа гуруҳларнинг ҳаракатлари ҳам бирлашиб, 1982 йилда Ҳизбуллоҳ вужудга келади.
Бу ташкилотнинг асосий молиялаштирувчиси, ҳарбий қўлловчиси Эрон ҳисобланади, яширилмайди бу, Эроннинг ташқи сиёсий концепцияларида ҳам белгиланган. Ташкилот Исроилга қарши восита сифатида ташкил этилади, бошида сиёсий бўлмайди, фақат ҳаракат, ҳарбий куч сифатида бўлади. 1992 йилда Ливанда сиёсий партия сифатида тан олинади ва Ҳусан Насрулло раҳбар этиб тайинланади (у ҳозиргача Ҳизбуллоҳни бошқариб келмоқда). Шундан кейин структурага эга бўлган, тизимли ташкилот сифатида фаолият олиб боряпти.
Ҳизбуллоҳ 1993 йилда Ливанда парламент сайловларида иштирок этиб, 12 та ўринли фракцияга эга бўлади. Исроил араблар билан сўнгги тўқнашувлардан кейин анча ерини кенгайтирган. Ливаннинг ҳам жанубий ҳудудлари Исроил назоратига ўтган эди. 2000 йилда Исроил бу ҳудудлардан чиқиб кетгач, қайта бундай ҳолат бўлмаслиги учун бу ҳудуд Ҳизбуллоҳ ҳарбийларига топширилади. Ҳозир ўша ерларни қўриқлаётган, назорат қилаётган Ҳизбуллоҳ бўлади.
— Сурия инқирозида Ҳизбуллоҳнинг ўрни катта бўлди. Яъни унинг ҳомийси фақатгина Эронми, ё яна бошқа кучлар ҳам борми? Ҳизбуллоҳнинг таркибида қанча аъзолар, қанча ҳарбийлар бор?















