Ўзбекистон | 13:08 / 28.10.2023
6474
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Туркий инвестиция жамғармасига аъзо бўлмоқда

Жамғарманинг маблағлари минтақалараро савдо, қўшма лойиҳалар, яшил иқтисодиёт, ахборот технологиялари, транспорт, логистика ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга қаратилади.

Фото: Senat.uz

Сенат ялпи мажлисида “Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битимни (Анқара, 2023 йил 16 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битимнинг бажарилиши учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланмоқда.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари Ўзбекистон Республикасининг Туркий инвестиция жамғармасидаги улушини Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битимда назарда тутилган муддатларда шакллантириш, шу жумладан унинг бошланғич капиталидаги 2000 та акцияга обуна бўлиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбаи экани белгилаб қўйиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли маблағларни ўтказиш бўйича буюртманомалар тақдим этиб боради. Марказий банк Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битим бўйича депозитарий функциясини бажаради.

Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги битимнинг асосий мақсади – Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида минтақавий савдони ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодиётни ривожлантиришдан иборат. Ушбу битим Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этишни ҳамда унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Шу билан бирга, Туркий инвестиция жамғармаси доирасида ҳамкор давлатлар, жумладан, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия билан инвестициявий лойиҳаларни, хусусан, электротехника, енгил саноат, автосаноат, чарм саноати, қурилиш материаллари соҳаларида қўшма саноат кооперацияси каби лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Мавзуга оид