ҲАМАС ҳаракати назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, қурбонлар сони 50, яраланганлар сони – 150 кишини ташкил этади.
Ўз навбатида, Исроил армияси зарба оқибатида ҲАМАСнинг юқори мартабали қўмондонларидан бири ўлдирилгани ва «террорчиларнинг ерости инфратузилмаси» вайрон қилинганини билдирган. ЦАҲАЛ баёнотида бу жойда қўмондон билан бирга «Марказий Жабалия» баталёнининг яна ўнлаб жангарилари бўлгани айтилган.
Бу вақтда Исроил қуруқлик кучлари Ғазо сектори шимолида ҲАМАС гуруҳини йўқ қилиш бўйича амалиётининг «иккинчи босқичи»ни давом эттирмоқда.
Reuters агентлиги тақдим этган фотосуратларда лагерга катта зарар етгани ва одамлар харобалар остидан омон қолганларни қидираётгани акс этган. Зарба оқибатида аҳоли тиғиз яшаган ҳудуд марказида бир қанча турар жой бинолари ҳам вайрон бўлган.
AFP мухбири ҳам Жабалиядаги портлаш ҳудудида бўлган. Агентлик хабар беришича, бу жойда тасвирга олинган видеоматериалларда вайроналар остидан олиб чиқилган 47 кишининг жасадини кўриш мумкин (бу Ғазо расмийлари тарқатган маълумотга яқин).
«[Бизнинг ходимлар] тинч аҳоли вакиллари бўлган 25 кишининг жасадини топишди... бу қўрқинчли», — деган BBC билан суҳбатда Фаластин Қизил Хоч жамияти раҳбари Марвон Жиланий.
Маҳаллий аҳоли вакили Рагеб Акал агентлик билан суҳбатда портлаш кучи «зилзиланикидек бўлгани»ни айтган.
Исроил мудофаа армияси вакили Даниэл Ҳагари Исроил қирувчи самолётлари Ғазодаги Жабалия қочқинлар марказига зарба берганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, зарба оқибатида ҲАМАС «Марказий Жабалия» баталёни командири Иброҳим Биарий ҳалок бўлган.
Ҳагарининг айтишича, бу «террорчилар ва террор инфратузилмасига қарши кенг кўламли зарба доирасида амалга оширилган».
Ҳагари зарба оқибатида Биарий билан бирга «кўп сонли террорчилар» ўлдирилгани, «террор ерости инфратузилмаси» вайрон қилинганини қўшимча қилган.
Исроил баёнотида тинч аҳоли вакиллари Ғазо сектори шимолидан жанубга кетиш бўйича чақириқ такрорланган.
Қуроллар соҳаси экспертларидан бирининг айтишича, зарба жойида ҳосил бўлган улкан ўра Исроил армияси ер остида чуқур жойлашган нишонларга қарши қўллайдиган бомба тушиши оқибати бўлиши мумкин.




















