Исроил армияси (ЦАҲАЛ) БМТ йирик агентликларининг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги чақириқларига қарамай, Ғазо секторидаги Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи нишонларига ҳужумларини кучайтирди. «Биз ҲАМАСга зарба берамиз ва режамиз бўйича бир истеҳкомдан иккинчи истеҳкомга ўтмоқдамиз, ҲАМАСни мунтазам равишда ҳарбий салоҳиятидан маҳрум қилмоқдамиз», деди Исроил армияси матбуот котиби Жонатан Конрикус Американинг CNN телекомпаниясига якшанба, 5 ноябр куни кечқурун берган интервюсида.

«Биз қуруқликдаги кучларни - пиёдалар, танклар, ҳарбий техникани жалб қилдик. Ҳаводан ҳам зарба беряпмиз ва ўқ узяпмиз», - деди Конрикус. У Исроил ҳарбийларининг асосий эътибори ерости туннелларидаги ҲАМАС инфратузилмасига қаратилганини қўшимча қилди.

Ғазо секторининг иккига бўлиниши

Аввалроқ Исроил армияси Ғазо сектори шимолий ва жанубий қисмларга бўлинганини эълон қилган эди. «Ҳозир жанубий Ғазо сектори ва шимолий Ғазо сектори мавжуд. Ғазо шаҳри жанубий қирғоқдан ўраб олинган», - деди ЦАҲАЛнинг яна бир вакили Даниэл Хагари. Унинг таъкидлашича, тинч аҳоли Ғазо секторининг шимолий қисмидан жанубий қисмига кўчиб ўтиш имкониятига эга. Шу билан бирга, Хагарига кўра, секторнинг шимолий қисмида ҳали ҳам 300 мингдан 400 минггача тинч аҳоли бор.

Айни пайтда, 5 ноябр куни Ғазо секторидан Мисрга ўтадиган ягона чегара пункти кетма-кет иккинчи кун ёпиқлигича қолди. Исроил бир қатор яраланган фаластинликларни эвакуация қилишга рози бўлмагани учун ҲАМАС хорижликларни эвакуация қилишни тўхтатди. БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси назорат-ўтказиш пункти ёпилганини тасдиқлаб, олдинги икки кун ичида назорат пункти орқали 1100 дан ортиқ одам эвакуация қилинганини қўшимча қилди.

Гуманитар сулҳ тузишга чақириқлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий агентликлари, жумладан, БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарлари камдан-кам учрайдиган қўшма акцияда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушда зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

«Деярли бир ойдан бери халқаро ҳамжамият Исроил ва босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги вазиятнинг ривожланишини кузатмоқда, ҳалок бўлганлар сони ортиб бораётганидан ғазабланмоқда. Бизга зудлик билан гуманитар сулҳ керак. 30 кун ўтди. Етарли, бу дарҳол тўхтатилиши шарт», - дейилади баёнотда.

Исроил-Фаластин можароси