Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған унинг мамлакати пойтахтида бўладиган саммитда Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳам иштирок этиши ҳақида аввалроқ журналистларга берган интервюсида айтган, лекин расмий Теҳрон бу маълумотни на тасдиқлаган, на инкор этганди.

Баъзи таҳлилчилар учрашувнинг амалга ошмагани сабаби Эрон раҳбари Эрдўғандан Ғазодаги уруш фонида Исроилга қарши реал ҳаракатлар кутган деган фикрни ҳам билдирмоқда.

Kun.uz мухбири бу масалада сиёсий таҳлилчи Равшан Ғозиев билан суҳбатлашди.

— Мавзунинг асосий нуқтасига ўтишдан аввал Туркия-Эрон муносабатлари Ғазо қирғинигача қандай эди, деган саволга жавоб берсак.

— Туркия ва Эрон муносабатларининг 5 асрлик тарихи бор. 1512 йилдаги Чалдирон урушидан бошлаб Эрон ва Туркия муносабатлари турли тўлқинларда давом этиб келади. Бу икки давлат бир-бирига жуда эҳтиёткор муносабатда бўлади, лекин бирор ножўя гап чиқиб қолса, икковиям қизишиб кетади. Тарихда Эрон ва Усмонлилар ўртасида минтақадаги айрим ҳудудлар, жумладан, Қорабоғ, Кавказ, Боғдод кабилар учун ўнлаб марта урушлар бўлган.

1637 йилда икки давлат ўртасида Қасри Ширин шартномаси имзоланади ва иккала давлат чегаралари белгилаб олинади. 400 йилдан бери сиёсий муносабатлар бўлиб келяпти. Туркия республика бўлгач, Эрон, Туркия, Афғонистон ва Ироқ ўртасида ички ишларга аралашмаслик бўйича Садабад пакти имзоланган. Бу пакт Эрон инқилобидан кейин бекор қилинган, лекин амалда ишлаяпти.

— Анқара ва Теҳрон манфаатлари Яқин Шарқда қайси манфаат нуқталаридан кесишади?

— Араб баҳори натижасида юзага келган Сурия можаросида Эрон ва Туркия бир-бирига зид эди. Туркия Башар Асаднинг кетишини истаган бўлса, Эрон уни ҳимоя қилди. Тарихда ҳам Нодиршоҳ даврида Туркия ва Эрон ўртасида диний урушлар бўлган. Замонавий даврда эса Сурия масаласида кўринди бу.

Бундан ташқари, Кавказдаги икки давлат позицияси бор. Эрон Кавказда Туркия ва Озарбойжон мавқейи кучайиб кетишини истамайди. 2020 йилги 40 кунлик урушдан сўнг Эрдўған Озарбойжондаги ҳарбий парадда Озарбойжон бўлиниши ҳақидаги Ваҳабзаденинг бир шеърини айтганди ва шу ҳам анча муҳокамаларга сабаб бўлганди. Эрон ташқи ишлар вазирлиги қаттиқ муносабат билдирди. “Чор Россияси Озарбойжонни Эрондан ажратиб олганди, ҳудудий масалаларимизга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, деган муносабатлар янграган эди. Эрон шимолидаги озарийлар анча кўпчиликни ташкил қилади, шунинг учун Эрон хавотирида ҳам жон бор эди.