Илҳом Алиев Озарбойжон президентлигига номзод сифатида кўрсатилди
Озарбойжоннинг амалдаги президенти феврал ойида ўзи эълон қилган муддатидан олдин сайловларда иштирок этади. Кузатувчиларнинг фикрича, Алиев Қорабоғ устидан назорат ўрнатгач, ўзининг юқори рейтингидан фойдаланмоқчи.
«Янги Озарбойжон» партияси бошқаруви мамлакатнинг амалдаги президенти Илҳом Алиевни 2024 йил февралида бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловига номзод сифатида кўрсатди. 15 декабр, жума куни ҳукмрон партия раиси ўринбосари Тоҳир Будагов партия 20 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келаётган Алиевнинг номзодини қўллаб-қувватлашини, чунки унинг раҳбарлигида Озарбойжон «муҳим ютуқлар» ва «тарихий ғалаба»га эришганини айтди.
Декабр ойи бошида Алиев мамлакатда 2024 йил 7 февралда навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилишини эълон қилган эди. Кузатувчиларга кўра, у Тоғли Қорабоғ минтақаси Боку назоратига қайтганидан кейин ўзининг юқори рейтингидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Давлат ижтимоий сўровлар институти маълумотларига кўра, фуқароларнинг қарийб 75 фоизи Алиевнинг Арманистон билан можародаги сиёсатини қўллаб-қувватлайди.
Озарбойжон президенти, қонунга кўра, 7 йил муддатга сайланади. Бу мамлакатда охирги марта президентлик сайловлари 2018 йил баҳорида ўтказилган бўлса, кейинги сайловлар 2025 йилга белгиланган эди.
Арманистон билан зиддият
Арманистон ва Озарбойжон Озарбойжоннинг асосан этник арманлар яшайдиган исёнчи минтақаси бўлган Тоғли Қорабоғ учун ўнлаб йиллар давомида тўқнаш келди. 2023 йил сентябр ойида Озарбойжон армияси кенг кўламли тезкор операция ўтказди ва Қорабоғни ўз назоратига қайтарди. Қорабоғнинг 120 мингга яқин аҳолисининг деярли барчаси минтақани тарк этиб, Арманистонга чиқиб кетди.
Илҳом Алиев Озарбойжонни 2003 йилдан бери бошқариб келяпти, ўшанда у отаси Ҳайдар Алиевнинг лавозимини эгаллаганди. 2009 йилда референдумда конституцияга давлат раҳбарига бу лавозимни чексиз эгаллашга рухсат берувчи ўзгартириш киритилди. 2016 йилда яна бир конституциявий ислоҳот амалга оширилди, унинг давомида президентлик муддати 7 йилга узайтирилди. Ўша йили Алиев рафиқаси Меҳрибонни вице-президент этиб тайинлади.
Мавзуга оид
00:59 / 21.11.2024
Озарбойжон 2025 йилги мудофаа харажатларини оширади
14:37 / 13.11.2024
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
17:29 / 12.11.2024