Туркия ва Озарбойжон — шодлигу қайғуда бирга бўлган икки қардош давлатдир. Бизнинг илиқ муносабатларимиз, бирдамлигимиз ва қардошлигимизга ҳеч ким соя сололмайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Озарбойжондан қайтиш чоғида самолёт бортида журналистларга маълум қилди.

«Биродарим Илҳом Алиев билан бир-биримизни бағримизга босиб, ўртадаги соғинч ўрнини тўлдирдик. Туркия ва Озарбойжон орасига нифоқ солишга уринаётганлар бекорга куч сарфламоқда. Мамлакатларимизни бир-биридан ажратмоқчи бўлганлар халқларимизнинг ўзаро муҳаббати, чуқур тарихий ришталари ва букилмас иродасини ҳисобга олмаяптилар», — деди у.

Президентнинг таъкидлашича, Туркия ва Озарбойжон муносабатлари жорий сиёсий баҳслар ва ижтимоий тармоқлардаги кампаниялар доирасидан анча кенг бўлиб, тўлақонли бирдамлик, муштарак тақдир ҳамда қардошлик ришталарига таянади.

Контекст

Сентябрь ойида Озарбойжонда мактаб формаси бўйича янги талаблар кучга кирди. Шундан сўнг, қоидага мувофиқ кийинмаган қизлар дарсларга киритилмади. Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясида мамлакат номини тилга олмаган ҳолда бундай тақиқларни қоралади ва Боку буни ўз шаънига қаратилган таъна сифатида қабул қилди.

Кейинчалик вазият янада кескинлашди:

  • 2 октябрь куни Алиев Озарбойжонга ҳеч кимнинг ҳомийлиги ҳам, унинг ички ишларига аралашуви ҳам керак эмаслигини билдирди.

  • 12 октябрь куни Озарбойжон ИИВ янги қоидаларга қарши норозилик намойишларида 37 киши қўлга олингани ҳақида хабар берди. Ўша куни Эрдўғаннинг бош маслаҳатчиси Ўқтай Сарал Озарбойжондаги ҳодисаларни очиқчасига қоралади, ҳукмрон «Янги Озарбойжон» партияси эса унинг сўзларини популистик ва масъулиятсиз деб баҳолади.

  • 21 октябрь куни Озарбойжон Туркиянинг 31 нафар фуқаросига мамлакатга киришни тақиқлади, улар орасида «Янги фаровонлик» партияси етакчиси Фотиҳ Эрбақан ҳам бор эди.