Жаҳон | 15:06 / 09.01.2024
9276
2 дақиқада ўқилади

Исроил: ҲАМАСнинг ракеталар ишлаб чиқариш бўйича ерости заводи аниқланди

Ерости заводи парвоз масофаси тахминан 100 км бўлган снарядларни ишлаб чиқарган. Туннеллар 30 метргача чуқурликда жойлашган, дея хабар берди Исроил мудофаа кучлари.

Фото: Amir Cohen/REUTERS

Исроил мудофаа кучлари ташкилотга қарши уруш бошланганидан бери Ғазо секторида ҲАМАСнинг «энг йирик қурол ишлаб чиқариш жойи»ни аниқлади. Ерости заводида учиш масофаси тахминан 100 км бўлган снарядлар ишлаб чиқарилган, туннеллар 30 метргача чуқурликда жойлашган, деб хабар берди ЦАҲАЛ матбуот хизмати 8 январ, душанба куни. 

Аввалроқ Исроил армияси вакиллари журналистларга Фаластин ҳудудида ҲАМАС ҳарбий мақсадларда фойдаланаётган қурол-яроғ заводлари ва туннелларини кўрсатган эди. ЦАҲАЛ вакиллари Ғазо шаҳри жанубидаги Ал-Бурайж қочқинлар турар жойида ўтказган пресс-тур чоғида цемент заводлари ва бошқа саноат объектлари аслида ракета ва гранаталар ишлаб чиқариш учун ишлатилгани, қуроллар чуқур шахталарда сақланганини иддао этганди. Бундан ташқари, исроиллик ҳарбийлар ҲАМАСнинг «Ал-Бурайж» бўлинмаси қароргоҳини ўз назоратига олди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 23 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид