Жаҳон | 09:50 / 24.01.2024
7177
5 дақиқада ўқилади

WSJ: АҚШ ва ЕИ ёрдамисиз Киев ўзи пул чиқаришга мажбур бўлади

2024 йилда Украина 40 миллиард долларлик бюджет тақчиллигига дуч келади ҳамда иш ҳақи, пенсия ва субсидияларни тўлашдан бош тортиш Зеленский учун оғир оқибатларни келтириб чиқаради, деб ёзади WSJ. 

Фото: Getty images

АҚШ ва Европа Иттифоқи ёрдамисиз Киев ҳукумат иши молиялаштирилишини таъминлаш учун оғриқли чоралар кўриши керак бўлади: у иш ҳақи тўлашни тўхтатиши ва бюджет тақчиллигини қоплаш учун пул чоп этишни бошлаши мумкин. Бу ҳақда 22 январ куни иқтисодчилар ва Украина расмийларига таянган ҳолда The Wall Street Journal нашри ёзди

Украинада бюджет тақчиллиги 

Жорий йилда Украина 40 миллиард долларлик молиявий тақчилликка дуч келиши мумкин, бу 2023 йилдагидан бироз камроқ, дея эслатади нашр. Бу пул ҳукумат ишини давом эттириш, аҳолига маош, пенсия ва субсидиялар тўлаш учун керак. АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган маблағ бу сумманинг тахминан 30 миллиард долларини қоплаши кутилганди. Бироқ, Конгрессдаги демократлар ва республикачилар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли Вашингтондан ёрдам кечиктирилди ва Евроиттифоқдан 2027 йилгача бўлган 50 миллиард евро миқдоридаги макромолиявий ёрдам пакети Венгрия томонидан блокланди. 

Украина молия вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда банклар фойдасига солиқ жорий этилди, солиқ тушумларининг бир қисми қайта тақсимланди ва февралгача бюджет харажатларини қоплаши керак бўлган ички қарзлар ҳажми кўпайди. Бироқ, Украина молия вазирлиги раҳбари ўринбосари Олга Зикованинг сўзларига кўра, бу чоралар чекланган таъсирга эга ва Киевнинг барча ҳамкорлари мамлакатга қанчалик зудлик билан қўшимча ёрдам кераклигини тушуняпти. 

«Агар ёрдам тезда етиб келмаса, Украина ҳукумати нақд пулни сақлаб қолиш учун қўшимча чоралар кўришга мажбур бўлиши мумкин, - деб таъкидлайди WSJ. - Ўз навбатида, ҳарбий ёрдам кўрсатишдаги кечикишлар Украинанинг муваффақиятсиз қарши ҳужумдан кейин тўхтаб қолган ҳарбий операцияларни ўтказиш қобилиятига зарба беради».

Эҳтимолий тежамкорлик чоралари 

Киев маошларни кечиктириш ёки ўз банклари ва маҳаллий инвесторлардан кўпроқ қарз олиш орқали яна бир неча ойни «ютиши» мумкин. Бироқ, охир-оқибат, Украина пул чоп этишга мажбур бўлади, бу «Венесуэла каби мамлакатларда иқтисодий инқирозга олиб келган стратегиядир», деб таъкидлайди нашр муаллифлари. 

Киев иқтисодиёт мактаби эксперти Наталя Шаповал ҳам Украинада пул босмахонасини ишга туширишга тўғри келади, деган фикрга мойил. Унинг эслатишича, мамлакат ҳозирда деярли барча ресурсларини мудофаага сарфлаяпти ва 2024 йилда юз минглаб одамларни сафарбар этиш ниятида экан, бу харажатлар янада ошиши мумкин. Шаповалнинг сўзларига кўра, ҳар бир ҳарбий хизматчи Украина бюджетига 1 миллион гривна ёки йилига 26 минг долларга тушади. 

Урушнинг биринчи йилида Украина марказий банки молия вазирлигидан облигациялар сотиб олган ва бундай ҳаракатлар инфляцияни рағбатлантириши, валюта қийматини тушириши, фуқаролар ва инвесторларнинг иқтисодиётга ишончини йўқотишига олиб келиши мумкин, дея тушунтирди журналистлар. Аммо бошқа вариантлар Украина президенти Володимир Зеленский учун оғир сиёсий оқибатларни келтириб чиқаради: «пенсия тўловларини кечиктириш ёки электр тўловларига субсидияларни қисқартириш Украинанинг камбағал қатламига зарар етказади, импорт харажатларини чеклаш эса бадавлат украиналикларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин, улар ҳамон автомобиллар ва косметика каби нарсаларни харид қилишда давом этяпти». 

Мақолада айтилишича, Москва ўз нефтига янги харидорлар топиб, ички ресурсларни ҳарбий ишлаб чиқаришга йўналтиргани сабабли, Россиянинг анча йирик иқтисодиёти, гарчи ғарб санкциялари остида қолган бўлса-да, тикланди.

ЕИнинг Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича янги режаси

Бир кун аввал нашр АҚШда Украинага кейинги ёрдамни мувофиқлаштириш билан боғлиқ муаммолар фонида Европа Иттифоқи Киевга миллиардлаб долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш имконини берувчи янги режа ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Келгуси тўрт йил ичида Украинага «ўнлаб миллиард евро» ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун ЕИ жамғармасидан ЕИга аъзо мамлакатларга 20 миллиард евро тўланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, асосий урғу Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан Украина учун қурол-яроғларни биргаликда сотиб олишга бериляпти.

Режа 1 феврал куни Европа Иттифоқи саммитида муҳокама этилиши кутилмоқда, бироқ бу борадаги якуний қарор қабул қилиш бир неча ҳафта давом этиши мумкин. 

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани