Maksym Kishka/Global Images Ukraine

5 январ тонгида россиялик ҳарбий мухбирлар украин армиясининг Курск областидаги «катта юриши» ҳақида хабар тарқата бошлади.

Z-блогерлар нималар ёзишган?

Z-блогер Роман Алёхин Украина қуролли кучлари Суджадан шимолда, област марказига олиб борувчи трасса бўйида, Курск АЭСдан 35 км масофада жойлашган Болшое Солдатское посёлкаси томон ҳаракатлана бошлаганини хабар қилган.

«Рақибнинг юришида миналардан тозалаш траллари, танклар ва бошқа зирҳли техникалар ишга солинган. Рақиб ҳужум қилаётган ҳудуд радиоэлектрон кураш воситалари билан тиғиз қамралган, шу туфайли дронларнинг кўпчилиги фойдасиз. Рақиб бошқа йўналишларда ҳам ёриб ўтишга ҳаракат қилиши мумкин», — дея ёзган ҳарбий мухбир.

Кейинроқ у аллақачон Болшое Солдатское яқинидаги Бердин қишлоғи учун жанглар бошланганини хабар қилди. Россиялик айрим блогерлар маълумотига кўра, украин армияси ушбу аҳоли яшаш манзилини назоратига олган ва олдинга юришда давом этган. Буни инкор этувчилар ҳам бор.

Россиялик Z-блогерларга кўра, фотода Украина қуролли кучларининг 5 январ тонгида Курск областидаги Болшое Солдатское посёлкаси томон ҳаракатланаётган зирҳли техникалари колоннаси акс этган

Украина қуролли кучлари Суджа томондан Болшое Солдатское йўналишида ҳужумга ўтгани ҳақида WarGonzo телеграм-канали муаллифи Семён Пегов ҳам хабар қилган.

Бу маълумотни «Комсомолская правда» газетаси мухбири Александр Коц ҳам тасдиқлаган. У украин ҳарбийлари «Болшое Солдатское ва Суджа ҳудудида чиндан ҳам фаол қадамлар ташлаётгани»ни қайд этган: «Ғарбий қанотда Новоивановкага ва шарқда Бардин томонга ҳам босим қилинмоқда».

Шу билан бирга, Коц украин ҳарбийларининг асосий зарбаси «қайсидир бошқа жойда бўлиши мумкинлиги»ни истисно этмаган.

«Мен Суми областининг Шосткинск районидан бизнинг Рилск ва Хомутов районларимизга зарба берилишига тайёрланган бўлардим. Ёки у ердан Брянск области томонга», — дея прогноз қилади у.

Z-блогер Юрий Подоляк ҳам унинг фикрига қўшилади. Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги янги ҳужуми «эътиборни бошқа участкадан чалғитишга қаратилган амалиёт бўлиши мумкин». «Ҳозирча Украина қуролли кучлари томонидан асосий кучла жангга киргани йўқ», — дейди у.