Спорт | 13:57 / 04.03.2024
23843
20 дақиқада ўқилади

Фантастик гол «МЮ»га ёрдам бермади, «Барса»да яна муаммолар. Европада кун ўйинлари

«Сити» дербида ғалаба қозонди ва чемпионлик пойгасини давом эттирди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: JUAN MANUEL SERRANO ARCE/GETTY IMAGES

Англия: инқироздан чиқиб кета олмаётган «МЮ»

«Манчестер Сити» – «Манчестер Юнайтед» 3:1
Голлар:
0:1 – 8 Рэшфорд, 1:1 – 56 Фоден, 2:1 – 80 Фоден, 3:1 – 90+1 Ҳоланд.
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Аке, Рубен Диаш, Стоунз, де Брюйне, Бернарду Силва, Родри, Фоден, Доку (Алварес, 59), Ҳоланд.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Диогу Далот, Эванс (Камбвала, 69), Варан, Линделёф, Бруну Фернандеш, Каземиро, Мактоминей, Майну (Амрабат, 82), Гарначо (Форсон, 82), Рэшфорд (Антони, 75).
Огоҳлантиришлар: Варан (68).

Сўнгги йилларда Манчестер дербилари ўз муҳимлигини йўқотмоқда. Бу 2012 йил апрели охирида бўлгани каби соврин учун ўзаро кураш эмасди (ўшанда «Сити» Компанининг голи эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди). Бу 2017/18 йиллар мавсумининг иккинчи даврасидаги дерби бўлмади, ўшанда «шаҳарликлар» дербида расман чемпионликни расмийлаштириши мумкин эди ва бу АПЛ тарихидаги энг эрта чемпионлик бўларди (ўхшамаганди, «Юнайтед» 0:2 ҳисобини 3:2 кўринишига келтирганди).

Ҳозирда «Сити» яна чемпионлик пойгасида ва агар ғолиб чиқса, тарихий натижани қайд этади — Англия олий дивизионида ҳали ҳеч ким (нафақат АПЛда, балки олдинроқ ҳам) қаторасига тўрт мавсумда биринчи бўла олмаган. Аммо «Юнайтед»га қарши ўйиндаги ғалаба учун ҳам бошқа ўйинларда бўлгани каби уч очко бериларди. Эмоциялар ва психология нуқтайи назаридан тўғридан тўғри рақобатчилар — кейинги уик-эндда «Ливерпул» ва март ойининг охирги кунида «Арсенал»га қарши кечадиган ўйинлар муҳимроқ.

«МЮ»га келсак, айни вақтда майдон ташқарисида — офис ва музокара хоналарида бўлаётган воқеалар клуб ва унинг келажаги учун муҳимроқ. Жамоа футболи ва натижалари бўйича кўп нарса маълум. Назарий жиҳатдан, жамоа ҳали кучли тўртлик учун «Астон Вилла» билан ёки бешинчи ўрин учун (бу ўрин ҳам ЕЧЛга йўлланма бериши мумкин) «Тоттенҳэм»га қарши рақобат қилиш мумкин, аммо бу глобал даражада кўп нарсани ўзгартирмайди. Қолаверса, асосий еврокубокка йўлланма олиш учун имкониятлар ҳам кўп эмас.

Шу нуқтайи назардан, «МЮ» учун ҳозирда АПЛдан кўра Англия Кубоги нисбатан аҳамиятлироқ, гарчи 1/4 финалда «Ливерпул» рақиб бўлган бўлса ҳам. Кубокдаги бир ўйин учун «Юнайтед» яхши тайёрланиши мумкин, узоқ масофада эса вазият оғир. Бутун мавсум давомида бир картина сақланиб қолмоқда — «МЮ» икки-уч-тўрт муваффақиятли учрашув ўтказиб, кўпинча ўйинларнинг охирги дақиқаларида драматик ғалабаларга эришади ва бу ҳис-туйғулар жамоага куч бағишлайди ва жамоа ниҳоят ўз ўйинини топиб олгандек кўринади. Кейин эса ўтган турда бўлгани каби «Фулҳэм»га ўхшаган рақиб чиқади ва барчаси яна ёмонлаша бошлайди.

Жамоа асосан ёмон бошқарув туфайли шу ҳолатга келиб қолган. Албатта, Эрик тен Ҳагни физрук деб аташ мумкин, аммо унгача ишлаган Оле Гунар Сулшер, Жозе Моуринио, Луи ван Гаал каби мутахассисларда ҳам бундан яхшироқ натижа бўлмаганди. Шундай экан, гап мураббийда эмас. «МЮ»да сўнгги ўн йил давомида нормал спорт директори бўлмагани, Криштиану Роналду тўғридан тўғри айтганидек Кэррингтондаги база яроқсиз ҳолатга келиб қолгани ҳам кўп нарсани англатади. Яқинда эса The Times нашрида ҳам қизиқарли воқеа ҳақида ҳикоя қилинди. «Қизил иблислар» 2018 йилда «Молде»дан Эрлинг Ҳоландни сотиб олишга яқин бўлган. Бу трансферга барча рози эди, аммо сўнгги телефон қўнғироғи қолганда, Жон Мерто — «МЮ» бошқарувчиларидан бири — вақтни адаштириб юборган ва норвегияликнинг агентига бир соат кечикиб қўнғироқ қилган. Бу вақтда эса Ҳоланд «Залцбург» билан шартномага имзо чекиб бўлганди.

Шундай экан, эндиликда «МЮ» акцияларининг 25 фоизига эгалик қилаётган сэр Жим Рэтклифф келиши билан айнан бошқарув вертикалида силжиш бошланди. «Юнайтед» «Сити»дан ижро директори Омар Беррадуни, шунингдек, «Нюкасл»дан спорт директори Дэн Эшуортни ўзига оғдирди.

Рэшфорд ва Фодендан ҳайратланарли голлар

Албатта, «Юнайтед» андердог мақомида эди — жароҳатлар эпидемияси туфайли ҳам: Расмус Ҳойлунд, Ҳарри Магуайр, Люк Шоу, Тайлер Маласиа, Мэйсон Маунт, Лисандро Мартинес, Аарон Уан-Бисакка каби асосий таркиб футболчилари ўйнай олмасди. 

Бутун биринчи бўлим давомида «Сити» ҳужум қилди – худди сўнгги дақиқаларда ўйнаётган ва гол талаб этиладигандек. Масалан, илк беш дақиқаликдаги аниқ узатмалар статистикаси – 43:1 кўринишини олди. «МЮ» шунчаки майдоннинг ўз дарвозаси жойлашган қисмидан чиқа олмади. Аммо саккизинчи дақиқада мўъжизавий гол урилди.

«Манчестер Юнайтед»нинг энг кўп танқид қилинадиган футболчиларидан бири Маркус Рашфорд (Антони билан бирга) дарвозадан 30 метр масофада тўпни қабул қилиб олди ва бир тегинишда уни яқин тўққизликка жойлади.

«Сити» гол ўтказилганидан кейин ҳам ҳужум қилишда ва зарбалар беришда давом этди, ўйиннинг 70 фоиз қисмида тўпга эгалик қилди. Биринчи бўлимнинг ўзида 18 бор зарба йўлланди (шундан олтитаси Фоден томонидан), Онана сейвлар қилишига тўғри келди, унинг дарвозаси қаршисидаги энг хавфли вазият эса 45-дақиқага тўғри келди –  Эрлинг Ҳоланд Фоден ташлаб берган тўпни бўш дарвоза қаршисида бир неча метр масофадан туриб тўрга кирита олмади, ҳолбуки бу вақтда унга ҳеч ким халақит қилмаётганди, тўп тўсин устидан ошиб кетди.

Танаффусда мураббийлар алмаштиришлар қилишмади. Эрик тен Ҳагни ҳисоб қониқтирарди, Гвардиолани эса – ўйин сифати, чунки «Сити» чиндан ҳам етарлича вазиятлар яратаётганди ва гап фақат уларни голга айлантиришда қолаётганди. Онана дарвозаси иккинчи бўлимда ҳам таҳдид остида бўлиб турди ва дарвозабон зарбаларни ҳамда қанотлардан узатмаларни тўсишига тўғри келди.

Фоденнинг зарбасини эса тўхтатиш амалда имконсиз эди. «Сити» тарбияланувчиси ўнг қанотдан марказга кўчиб, тўпни биринчи бўлимда Рэшфорднинг зарбаси борган нуқтага аниқ йўналтирди. Жавоб голи тен Ҳагни қуюшқондан чиқарди, у мезбонларнинг ҳужуми Рэшфордга қоидабузарликдан кейин бошлангани учун захира ҳакамига эътироз билдирди ва огоҳлантирилди.

Ҳисоб 1:1 кўринишига келгач, шусиз ҳам ўз жарима майдонига қамалиб олган «МЮ» фақат рақиб ўз вазиятларидан фойдалана олмаслигидан умид қилиши мумкин эди. Биринчи даврада шунга ўхшаш ҳолат «Ливерпул»га қарши «Энфилд»да кечган ўйинда кузатилганди, аммо ўшанда 0:0 ҳисобини сақлаб қолишнинг имкони бўлганди. Бу ўйинда эса «Сити» барибир ўз мақсадига эришди. Ғалаба голини ҳам Фоден урди. Англия миллий жамоаси ҳавбеки (Гарет Саутгейт ҳам ўйинни трибунада ўтириб томоша қилди) ўткир бурчакдан аниқ зарба йўллаган ҳолда дублни расмийлаштирди.

Қўшимча дақиқаларда «Сити» учинчисини ҳам урди. Бу гол шу куни ўйини чиқмаган Ҳоланд номига ёзилди. АПЛ жорий мавсумидаги 18-гол орқали у тўпурарлар пойгасида яққол пешқадамликни давом эттирмоқда. Кейинги турда «Сити» «Ливерпул» меҳмони бўлади. Бу турни ўта асабий ўтказган бу икки жамоани бир очко ажратиб турибди.

Испания: Облак «Атлетико»ни қутқарди

«Атлетико» – «Бетис» 2:1
Голлар:
1:0 – 8, автогол Руй Силва, 2:0 – 44 Мората, 2:1 – 62 Вилям Карвалю.
«Атлетико» – Облак, Габриэл Паулиста, Эрмосо, Витцел, Лиоренте, Коке (Саул, 62), Де Паул (Молина, 62), Барриос, Мората (Савич, 86), Депай (Рейнилду, 81), Лино (Рикелме, 81).
«Бетис» – Руй Силва, Беллерин (Миранда, 72), Песселя, Риад, Сабали, Рока (Родригес, 46), Форналс, Кардозо (Эззалзули, 90), Родри (Вилям Карвалю, 46), Чими Авила (Перес, 72), Виллиан Жозе.

«Атлетико» Испания кубогидаги шармандаликдан кейин (яримфиналда «Атлетик»дан 0:3 ҳисобидаги мағлубият) барибир ўзига келди ва муҳим ғалабага эришиб, топ-4 даги позициясини мустаҳкамлади. Аммо бу ғалабага катта машаққат билан эришилди. Аввалига деярли намунали биринчи бўлим, бўлим давомида рақиб деярли ҳеч нарса кўрсата олмади. Таблода 3:0 ҳисоби порлаб туриши ҳам мумкин эди, аммо кейинроқ ўйиндан гол урган Мората пеналтидан фойдалана олмади.

Ўйинда ғалабали ҳисоб сақлаб қолинишида муаммо бўлмайдигандек кўринганди, аммо танаффусдан кейин барчаси ўзгариб кетди. Диего Симеоне жамоаси тўпни Вилям Карвалюга совға қилиб, ўзига ўзи муаммо ўйлаб топди, рақиб футболчиси тўпни эгаллаши билан дарҳол юқори бурчакни аниқ нишонга олди. Якунда қизил-оқлар Облакнинг кетма-кет сейвлари туфайли уч очкога эга бўлди. Агар словакиялик дарвозабон қаҳрамонлик кўрсатмаганида, жамоа бир очкодан ҳам қуруқ қолган бўларди.

«Маллорка» – «Жирона» 1:0
Гол:
1:0 – 33 Копете.
«Маллорка» – Райкович, Гонсалес, Раило, Валент (Видал, 55), Копете, Тони Лато, Дани Родригес (Дардер, 68), Маскарел (Саму Кошта, 78), Санчес (Морланес, 55), Ларин (Пратс, 68), Мурики.
«Жирона» – Гассанига, Ян Коуто, Хуанпе, Эрик Гарсия, Мигел Гутеррес, Алеиш Гарсия, Мартин (Порту, 55), Солис (Стуани, 78), Циганков, Савио, Довбик.

«Атлетико» учун барчаси яхши якунланди. Мадридликлар нафақат «Атлетик» билан масофани сақлаб қолди, балки «Жирона» билан орадаги фарқни тўрт очкогача қисқартирди. Каталониянинг иккинчи жамоаси сўнгги вақтларда «Реал»га яқинлашиш учун икки бор имкониятга эга бўлди, аммо қаймоқранглилар дуранг ўйнаб қўйган икки турда ҳам каталонияликлар ютқазишди. Икки ҳолатда ҳам — бегона майдонда, мавсум кашфиёти 11 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериядан кейин қаторасига уч ўйинда очко йўқотди. Якшанба куни «Маллорка» ҳафта ўртасида Сан-Себастянда 120 дақиқа ўйнаб ҳолдан тойгани ҳам ёрдам бермади.

«Атлетик» – «Барселона» 0:0
«Атлетик» – Унаи Симон, Прадос (Де Маркос, 80), Йерай Алварес, Паредес, Гарсия де Албенис, Дани Гарсия, Весга (Руис де Галаррета, 63), Гомес (Сансет, 64), Беренгер, Уилямс (Арес, 76), Гурусета (Вилялибре, 76).
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Араухо, Кубарси (Мартинес, 76), Жоау Канселу, Кристенсен (Ромеу, 76), Гундўған, де Йонг (Лопес, 26), Педри (Ямал, 45), Рафиня (Жоау Феликс, 76), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Араухо (32), Хави (32), Дани Гарсия (52), Кристенсен (62), Гарсия де Албенис (65), Беренгер (86), Кунде (88).

«Атлетик» — ҳатто қатор етакчиларисиз қолган бўлса ҳам — Испания Кубоги финалига чиққанидан буён юқори кайфиятни сақлаб қолмоқда. Эътиборли томони, басклар айнан ушбу иккинчи даражали турнирда «Барселона»га қарши муваффақиятли ўйинлар ўтказади. Жамоаларнинг кубок доирасидаги сўнгги икки дуэлида билбаоликлар 3:2 ва 4:2 ҳисобларидаги ёрқин ғалабаларга эришган. Аммо ла лигада барчаси бошқачароқ ва «Сан-Мамес» сеҳри қаёққадир ғойиб бўлиб қолади. Олдинги саккиз ўйинда бирорта ғалабага эришилмаган (=1-7) ва сўнгги тўрт ўйинда бирорта гол урилмаган.

Фақат бу сафар Хавининг вазифаси дақиқа ўтган сайин қийинлашиб борди. Аввалига майдон марказида Френки де Йонг газонга ноқулай қўниб, оёғини қайириб олди. У ҳатто майдонни мустақил тарк эта олмади.

Кейин эса Педри йўқ жойдан жароҳат олди, унинг захира ўриндиғида ўтирганча кўз ёш тўкишидан бу жароҳат жиддий эканини англаш мумкин.

Бу ҳолатлар биринчи бўлимдаги ўйинни сояда қолдирди. Жоау Канселунинг майдон марказидан туриб гол уришга уриниши бундан истисно. Унаи Симоннинг ортга тисарилиб, тўпга улгуриши, тўп барибир унинг қўлқопидан дарвоза томон йўналганида, унга ёрдамга келиб, тўпни дарвоза чизиғида тўхтатиб қолган Йерайнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мухлислар чиройли голдан бебаҳра қолишди.

Танаффусдан кейин «Атлетик» кучли босим уюштира бошлади. Икки жамоа ҳимоясида ҳам бўш зоналар пайдо бўлди ва ўйин қизиқарлироқ тус олди. Кўк-анорранглилар де Йонг ва Педрисиз қийналди. Хавфли вазиятлардан бирида каталонияликларни сўнгги сонияда Кубарси қутқариб қолди, у жарима майдони ичида фол ишлатмасдан тўпни рақиб оёғи остидан олиб қўйди. 17 ёшли марказий ҳимоячи шу куни жуда ишончли ўйин кўрсатди. «Барса» ҳам «Атлетик» жарима майдонида Ямал йиқилганида пеналти сўради, аммо видеотакрор бу эпизодда ҳужумчининг ўзи рақиб оёғини босганини кўрсатди.

Қолган вақт давомида икки жамоа ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. Хави жамоасида стартдаги ҳужум чизиғи вакилларидан ўйин охирига келиб фақат Гундўған ва Левандовски майдонда қолди, голли вазиятлар эса умуман йўқолди. Сўнгги ўйинларда яна ўзини кўрсата бошлаган полякда бу сафар деярли имконият бўлмади. У «Атлетик» жарима майдони ичида тўрт бор тўпга тегинди ва йўллаган биргина зарбаси ҳимоячилар томонидан тўсилди. Умуман олганда, шу куни ўйин зарбаларга бой бўлмади - жами зарбалар бўйича 8:8, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича 2:2. Дуранг эса – фақат «Барса» ва «Атлетик»нинг рақибларини қониқтирадиган ҳисоб бўлди.

Италия: чемпион мавсумни қутқарадими?

«Наполи» – «Ювентус» 2:1
Голлар:
1:0 – 42 Кварацхелия, 1:1 – 81 Киеза, 2:1 – 88 Распадори.
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Рраҳмани (Эстигор, 65), Оливера, Лоботка, Замбо-Ангисса, Траоре (Зелински, 65), Политано (Распадори, 65), Кварацхелия (Линдстрем, 90), Осимҳен.
«Ювентус» – Шченсни, Камбиязо (Веа, 66), Алекс Сандро, Ругани, Бремер, Локателли, Миретти (Нонж, 76; Данило, 90), Алкарас (Милик, 90), Киеза, Влаҳович, Айлинг (Йилдиз, 76).

«Наполи» ҳафта ўртасида ёрқин ўйин кўрсатиб, яқинда бош мураббийини истеъфога чиқарган «Сассуоло»ни тор-мор этганди (6:1). Кимдир буни кучсизланган рақибга қарши ўйиндаги бир марталик чақнаш деб ҳисоблаган бўлса, неаполитанликлар «Юве»га қарши ҳам ўта кучли ўйин намойиш этишди. Жамоа аввалига гол ўтказиб юбориши ҳам мумкин эди, аммо Влаҳовичнинг зарбасидан кейин мезбонларни устун қутқариб қолди. Бўлим охирларига келиб Кварацхелия рақиб жарима майдони ичидан қайтарилган тўпни тўхтатмасдан зарба берганида эса, Шченснида ҳеч қандай имкон қолмаганди.

Шу орқали олдинги ўйинда дубл ва голли узатма қайд этган Хвича голли сериясини давом эттирди. «Ювентус» ҳам ёмон ўйнамади, Влаҳович ва Камбиязода голли вазиятлар бўлди, Киезанинг зарбаси голга айланганида ўйин мантиғига мос ҳисоб юзага келди. Аммо туринликлар қўшимча дақиқаларда дарвозабон майдончасидан туриб гол ура олишмади, бундан бир неча дақиқа олдинроқ эса жарима майдони ичида Осимҳенга қўполлик қилинганди. Шченсни нигериялик ҳужумчининг ўзи ижро этган пеналтини қайтарган бўлса-да, қайтган тўпга биринчи бўлиб Распадори етиб келди. Амалдаги чемпионлар еврокубоклар зонасига яқинлашмоқда.

Германия: Ҳаби Алонсонинг юбилейи

«Кёлн» – «Байер» 0:2
Голлар:
0:1 – 37 Фримпонг, 0:2 – 73 Грималдо.
«Кёлн» – Швэбе, Карстенсен, Шабо, Ҳюберс, Финкгрефе, Майна (Ҳусейнбашич, 83), Любичич, Мартел (Шмитц, 83), Тилманн, Алиду (Тиггес, 82), Адамян (Дил, 65; Пакярада, 69).
«Байер» – Градецки, Фримпонг (Телла, 46), Та, Станишич, Инкапиэ (Тапсоба, 79), Грималдо, Чака (Паласиос, 82), Ҳофманн (Адли, 65), Андрих, Виртц, Шик (Иглесиас, 65).
Четлатиш: Тилманн (14).

Жума куни «Бавария» сўнгги дақиқаларда «Фрайбург» устидан ғалабани бой бергач (2:2), бундеслигада қандайдир интрига ҳақида гапиришга ҳожат қолмади. Барчаси энди шу суръатда давом этиши керак бўлган «Байер»нинг қўлида. Қолаверса — леверкузенликларда хато қилиш ҳуқуқи ҳам бор. Ҳаби Алонсо жамоаси эса хато қилиш ҳақида ўйламаяпти ва рақибларни хато қилишга мажбур қилмоқда.

«Кёлн» 14-дақиқадаёқ Тилманнинг четлатилиши туфайли озчилик бўлиб қолиб, пешқадамга ёрдам бериб юборди. Натижада босимни кучайтирган «Байер» ўз мақсадига эришди, Фримпонг Грималдонинг нариги қанотдан берган узатмасини голга айлантирди. Бу ўйинда ҳам ушбу икки латерал натижа келтирди. Шу билан бирга, меҳмонларнинг омади ҳам келди, иккинчи бўлим бошида Адамяннинг Градецки бўш қолдирган томонга йўллаган зарбаси устунга тегди. Лекин Грималдо Адлининг қанотдан узатмасидан кейин рикошет орқали амалда ўйин тақдирини ҳал қилди.

«Байер» клуб рекордларини янгиламоқда, жамоа мавсум бошидан буён 24 турни мағлубиятсиз ўтказиб (+20=4), қаторасига 17 та сафар учрашувида гол урди, Алонсо эса бундеслигадаги 50-ўйинида ўзига хос совға олди. Лекин унинг бу оралиқдаги ғалабали учрашувлари сони Хосеп Гвардиола (42) ва Ҳанси Фликникидан (40) камроқ. Лекин асосийси — Леверкузен жамоаси турнир жадвалида «Бавария»дан 10 очкога ўзиб кетган.

Кун статистикаси

  • «Болоня» А серияда 3-марта қаторасига олти учрашувда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Бундан олдинги серия ўтган асрнинг 60-йилларига тўғри келади.
  • «Порту» «Бенфика»ни 5-бор беш ва ундан кўп тўп фарқи билан мағлуб этди. «Аждарлар» бу кўрсаткич бўйича Португалия лигасида рекордчига айланди.
  • «Лорян» ҳужумчиси Бамба ушбу клубдаги дастлаб 6 ўйинида 6 гол урди. XXI асрда Франция чемпионатида бундай натижага фақат Ибраҳимович эришган, у «ПСЖ»даги илк 5 ўйинида 6 гол урганди.
  • Англия чемпионатининг бу мавсумида «Манчестер Сити» 12-бор ҳисобда ортда борган ҳолда ўйнади. Хосеп Гвардиола бошқаруви даврида бундан ёмонроқ кўрсаткич 2019/20 йиллар мавсумида кузатилган, ўшанда «шаҳарликлар» чемпионлик титулисиз қолишганди.
  • «Ҳамбург» иккинчи бундеслигада мавсум бошидан буён 24 ўйинда гол уриб, лиганинг янги рекордини ўрнатди.
  • «Спортинг» Португалия чемпионатининг 24 турида 66 гол урди. Бу уч йил олдинги чемпионлик мавсумидагидан биттага кўпроқ.
  • «МЮ» АПЛда танаффусга қадар ҳисобга олдинда борган 143 ўйинида ютқазмаганди. Бундай ҳолатдаги охирги мағлубият 2014 йил сентябрида рўй берганди («Лестер»га қарши ўйинда биринчи бўлимдаги 2:1 ҳисоби якунда 3:5 га айланганди).

Мавзуга оид

Эълонлар

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар