21:15 / 04.04.2024
9049

4 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Тўқаевнинг кутилаётган ташрифи, пойтахтда оширилган иссиқ сув тарифи, Махтумқули кўчасидаги йирик автофалокат ва қўлга тушган коррупционерлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Қозоғистон президенти 5 апрел куни Ўзбекистонга ташриф буюради

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 5 апрел куни ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Президентлар Хива шаҳрида икки давлат ўртасида ўтказиладиган музокараларда иштирок этади.

Музокаралардаги асосий мавзулар ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, ҳамкорликни ривожлантириш бўлиши кутилмоқда. 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг икки ўринбосари алмаштирилди

Комилжон Каримов ва Шаҳлохон Турдиқулова бошқа ишга ўтказилган.

Шоҳрух Далиев ва Отабек Маҳкамов олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосарлари сифатида таништирилди. Улар бунгача мос равишда Вазирлар Маҳкамасида ҳамда Президент Администрациясида масъул лавозимларда ишлаган. 

Тошкентда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув бўйича янги тарифлар тасдиқланди

2 апрелдан эътиборан аҳолига иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари учун тарифлар 15 фоизга кўтарилган.

КУН РАҚАМИ

Ўзбекистон 2024 йилнинг феврал ойида жаҳонда энг кўп олтин сотган давлат бўлди.

Жаҳон Олтин Кенгашининг (WGC) ойлик маълумотларига кўра Ўзбекистон Марказий банки феврал ойида дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда кўпроқ — 12 тонна олтин сотган. 

Юнусобод деҳқон бозорини 6 қаватли қилиш таклиф этилмоқда

Хорижий инвесторлар Юнусобод деҳқон бозорига 40 млн доллар сармоя киритиш ва уни ер остида икки қават, ер устида олти қаватли бозорга айлантиришни таклиф қилган.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Юнусобод деҳқон бозори ва Аҳмад Дониш бозорини олти қаватли қилиш режалаштирилган. 

Қозоғистондаги ЙТҲда 8 нафар ўзбекистонлик вафот этгани бўйича ҳукумат комиссияси тузилди

Президент топшириғига кўра, Қозоғистондаги ЙТҲда вафот этган 8 нафар ўзбекистонликнинг жасади Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво борти орқали ватанимизга олиб келинади.

3 апрел куни Самара-Чимкент трассасининг Қозоғистоннинг Ақтўбе области Маржонбулоқ қишлоғидан ўтган қисмида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. ЙТҲ Volvo юк машинаси ҳамда Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Toyota-Аlhpard минивэни иштирокида содир бўлган. 

Тошкентда 15 та автомашина иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди

Яшнобод тумани Махтумқули кўчасида  15 та автомашина иштирокида содир бўлган ЙТҲда икки киши жароҳатланган.

«Камаз» русумли тиркамали юк автомашинасининг тормози ишламай қолган сабабли содир бўлган автоҳалокатда яна 14 та — 3 та Lacetti, 3 та Cobalt, 2 та BYD, Tracker-2, Spark, Damas, Nexia-2, Nexia-3, Cherry енгил автомашиналарига ҳам зиён етказилган. 

ДХХ қатор мансабдорларни коррупция ва фирибгарлик устида қўлга олди

Рақобат қўмитаси Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари 22,5 минг АҚШ доллари, Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон шаҳарсозлик ЛИТИ» давлат муассасаси архитектори андижонлик тадбиркордан 20 минг АҚШ доллари ва Қашқадарёда «Баркамол авлод» болалар мактаби директори 30 минг АҚШ доллари олаётганда ушланган.

 

Top