21:49 / 21.05.2024
4807

21 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Россия президенти билан мулоқот қилган ҳамда Эрон элчихонасида таъзия билдирган Мирзиёев, расман иттифоқчимизга айланган Қозоғистон ва ташқи савдо айланмасидаги ўсиш — Ўзбекистонда 21 май куни юз берган муҳим ва шов-шувли воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликлар шарҳи билан таништирамиз. 

6 минг гектар ер сотилади

2024 йилда республика бўйича жами 6 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш режалаштирилган. Сотиладиган ерларнинг 225 гектари – Тошкент шаҳрида жойлашган.

Ҳукуматнинг “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш жараёнларини ва хусусийлаштириш дастури ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра ер участкаларини аукцион орқали савдога чиқариш режаси тасдиқланмоқда.

Бунда шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган ер участкалари ижара ҳуқуқи асосида савдога чиқарилади. Бошқа барча ҳолатларда ер участкалари мулк ҳуқуқи асосида тақдим этилади.

Шунингдек, халқаро аҳамиятдаги автомобил йўллар бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш учун 400 та объект савдога чиқарилади.

845 аҳоли яшаш пунктида 2027 йилгача шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича режа тасдиқланмоқда. Ниҳоят, Тошкент шаҳрининг бош режаси ҳам 2024 йилнинг якунига қадар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда. 

Президент мулоқотлари

Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат асносида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Кремл матбуот хизмати хабарида раҳбарлар Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифига тайёргарликнинг боришини ҳам муҳокама қилгани айтилган.

Шавкат Мирзиёев бугун Эрон Ислом Республикасининг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, мамлакат шимолида вертолёт қулаши оқибатида президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахслар фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан дўст Эрон халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари дипломатик ваколатхонада очилган Ҳамдардлик китобига самимий таъзия ва таскин сўзларини ёзиб қолдирди. 

Қозоғистон расман иттифоқчи давлат

Қозоғистон Ўзбекистон билан тузилган иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилди.

«Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида»ги Қозоғистон Республикаси қонунини имзолади», — дейилади Оқ ўрда хабарида.

Аввалроқ, 25 апрел куни Қозоғистон Сенати депутатлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилган эди.

Тегишли битим икки давлат раҳбарлари томонидан 2022 йил 22 декабр куни Тошкент шаҳрида имзоланган.

Ҳужжат сиёсий, савдо-иқтисодий, транзит-транспорт, энергетика, маданий-гуманитар соҳаларда, фуқаро мудофааси ва энергетика йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бўлиб, халқаро майдонда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутади. 

Маҳаллалар учун янги платформа

Маҳаллаларда еттилик томонидан ягона саволнома асосида фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш тизими жорий этилади.

Янги ўрнатиладиган тартибга кўра, 2024 йил 1 июндан бошлаб фуқароларнинг ягона саволнома асосида аниқланган ҳамда “маҳалла еттилиги” вакилларига ҳал этиш учун йўналтирилган муаммоларини кўриб чиқиш ва натижаларини электрон ахборот тизимига киритиш муддати ўн кун этиб белгиланади.

Ягона саволнома Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан “Рақамли маҳалла” платформасида юритилади. 

Ташқи савдо айланмасида ўсиш

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 20,9 млрд долларга етди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ташқи савдо айланмаси ҳажми 2023 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 1,2 млрд АҚШ долларига ёки 5,9 фоизга ошган.

Тошкент шаҳри Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси таркибида энг юқори — 38,8 фоиз улушни эгаллаган. Тошкент шаҳрининг ташқи савдо айланмаси ҳажми 2024 йилнинг дастлабки 4 ойида қарийб 8,1 млрд АҚШ долларига етган. 

Cobalt’га ташланган “хуржун”

Қамчиқ довонида юкни ғайриоддий усулда ташиган ҳайдовчи жавобгарликка тортилди.

У ўз бошқарувидаги Cobalt русумли транспорт воситасида юкни арқонлар воситасида ён томонга боғлаб ҳаракатланган ва юк ташиш қоидаларини бузган. 

Таъкидланишича, ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчи билан профилактик-тушунтириш ишлари олиб борилган ва унга ўрнатилган тартибда чора кўрилган.

Юкни бу тарзда ташиш йўлларда ҳаракатланувчи бошқа транспорт воситаларига ҳам хавф келтириб чиқаришини англатиш кўпчиликка шарт ҳам эмас.

Top