Сизда оилавий муаммо борми? Турмуш ўртоғингиз ҳар куни гуллар-у совғалар олиб келмаяптими? Ёки оғир касалмисиз? Балки фарзанд кўрмоқчидирсиз? Буларнинг барини биттада ҳал қилувчи “мутахассис” бор. Курсини сотиб олсангиз бас... Ё биринчи дарсданоқ чув тушганингизни билиб ақлингиз киради, ёки хомхаёллар сизни тарк этмагунича ёлғон курсларга қатнаб юраверасиз.

Бугун республикамизда “мотиватор”, “лайф коач” (ҳаёт мураббийи), “қалбшунос”, “исломий психолог”, “психогенетик” деган номлар билан 100га яқин шахслар фаолият олиб боришяпти. Аммо психологик ёрдам кўрсатувчи бундай “мутахассислар” қанча кўп бўлмасин, натижа кўринмаяпти. Яқинда эълон қилинган дунё мамлакатларининг руҳий саломатлик борасидаги рейтингида Ўзбекистон энг кам балл тўплади ва энг бахтсиз мамлакат деб топилди. Хўш, бу қандай намоён бўлмоқда?

Масалан, мамлакатда тиббиёт тизими яхши ишламаслиги оқибатида дори бизнесининг қандай ривожланганини ва унинг оқибатларини кўриб турибмиз. Худди шу каби бизда психологик хизмат борасида ҳам етарли тизим шаклланмагани бу йўналишда ноинсоф бизнес шаклланишига олиб келяпти.

Бу бизнеснинг жозибадорлиги шундаки, улар жуда катта аёллар аудиториясига эга. Оиладаги ижтимоий, иқтисодий зўравонликлар, молиявий мустақил бўлиш истаги бу аудиториянинг уларга қарамлигини янада оширади. Эшитиб, ҳайратда қолишингиз аниқ. Чунки улар орасида қизларга, турмушдан ажрашган аёлларга миллионер эрга тегишни ваъда қиладиганлариям бор. Ёки ҳар қандай эркакни ақлдан оздириш санъати бўйича маҳорат дарслари дейиш ҳам мумкин. Уларни бемалол эршунослик фани асосчилари деса бўлади.

Аммо бундан бир оғриқни ҳам ҳис қиламизки, гўёки ўзбек аёлларининг эрдан, маиший масалалардан бошқа дарди йўқдай. Шундай оғриқ билан психологга мурожаат қилган, эрини янада эътиборли бўлишини истаган қаҳрамонимиз бутунлай ажримга келиб қолганини айтади:

Instagram'да роса кузатардим – психологлар эрингиз билан муносабатларни яхшилаймиз. Сизга эътиборли бўлиб қолади деган видеоларини кўрардим. Психологимиз жуда чиройли кийинган, ҳаммани ўзига қаратадиган аёл эди.

Мен билан алоҳида ишлашини сўрадим. “Агар пулига чидасангиз, майли сиз билан алоҳида ишлайман” деди. Икки баравар қимматакан бунақа ишласа майли тўладим. Бир куни эрим билан ҳам ишлашлари кераклигини айтди. Энг катта хатойим шу ерда бўлди деб ўйлайман, ҳаммаси мана шундан кейин бошланди. Ўша психолог аёл билан эримни ўртасида нимадир бошланганини сездим. Эрим тез-тез сафарга чиқадиган бўлиб қолди. Уларни орасида жуда катта, жуда қалин муносабатлар борлигини сездим.