Жамият | 19:38 / 04.07.2024
19273
7 дақиқада ўқилади

“Япониядаги тутинган дадам солиқ тўлашнинг аҳамиятини тушунтирган” — Токиода Мурод Назаров билан суҳбат

Kun.uz'нинг Японияга ижодий сафари тадбиркор Мурод Назаровнинг кўмаги билан амалга ошган эди. У сафар давомидаги суҳбатимизда Японияда ўтган бахтли талабалик йиллари, бу халқдан нималарни ўргангани, тутинган япон ота-онаси ҳақида сўзлаб берди.

Япония сиз учун нима?

– Япония мен учун сифат, инсонга бўлган ҳурмат, чиройли табиат, юқори технологиялар ва бирдамлик. Мурод Назаровнинг шаклланишида Япониянинг ўрни жуда ҳам катта. Япониянинг энг қимматли нарсаси – унинг халқи, уларнинг одоби, хулқи, маданияти.

Япониянинг сири нимада?

– Ватанига, тарихига нисбатан жуда фидойи улар. Ҳар бир шахс ўзини Япониянинг бир парчаси деб билади. Биз кузатадиган ҳолат: футбол ўйинларидан кейин япон томошабинлари ўтирган жойини тозалаб кетади. “Мен Япониянинг бир парчасиман, менга қараб баҳо беришади”, деган тафаккурда яшашади.

Уларга бирор нимани ўргатсангиз, пухта билиб олмагунча савол беришни тўхтатишмайди. Жавобини топгач, илмий ёндашиб ишни пухта бажаришга ҳаракат қилишади. Фукушимада (Япониядаги шаҳар – таҳр.) зилзила бўлиб, атом реактори портлаганда уни ўчириш керак эди. Устидан вертолёт учириш керак бўлди. Аммо вертолёт эриб кетиши айтилди, учувчиси билан бирга албатта. Шунда минглаб кўнгиллилар шу ишни қилишга тайёрлигини билдирди.

Японияда ўқитувчи

– Японияда ўқитувчини «сенсей» деб чақиришади, жуда ҳам ҳурмати баланд инсонлар ҳисобланади. Ўқитувчилар ҳам ўзини бошқача тутади, ғўддайиброқ, бу уларга ярашади ҳам. Талабалик пайтимизда ўқитувчилар худди ўзининг фарзандига гапиргандек маслаҳатлар беришарди, талабалар ҳам шуни яхши қабул қилади. Япониядаги талабалик пайтларим умримнинг энг гўзал пайтлари бўлди.

Япония қандай оёққа турган?

– Катта босим, қийинчиликдан сўнг катта ички куч уйғонади. Иккинчи жаҳон урушида мағлубиятга учрагандан кейин японлар катта ички мафкурасини, ғоясини ишга солди. Ички руҳий портлаш ҳисобига японлар кучайган. Руҳият биринчи ўринда туради барибир, руҳият кучли бўлмаса, билимлар фойда бермайди. Япон халқида айнан шу руҳий кўтарилиш пайдо бўлган.

Япониядаги тутинган ота-онангиз ҳақида айтиб ўтсангиз.

– Японияда (тутинган) ота-онам бор. Япон оиласида яшаганим учун уларнинг муносабатларидан ҳам кўп нарса ўрганганман. Масалан, япон отам аёлини эшитади. Аёл кишини эшитиш кераклигини у кишидан ўрганганман. Шу сабаб мен ҳам доим аёлимни эшитаман.

Хаяши Цунеко ва Хаяши Ётаро
Хаяши Цунеко ва Мурод Назаров

Яна бир ўрганганимни айтиб берай. Ёш эдим. Ўзбекистонда уйлар арзон пайти эди. Япон отамга “50, 60, балки 100та уй олиб қўяйлик, ҳар бири 1-1,5 минг доллардан”, дедим. У киши “нима қиламиз бу уйларни” деб сўрадилар. “Қиммат бўлганда сотамиз” дедим. У киши “уй нархи ошгунча солиқларини, коммунал тўловларини тўлаш керак-ку” дедилар. Солиқни ҳам гаплашса бўлишини, хисоблагичларни эса орқага қайтарса бўлишини айтдим. Чунки Тошкентда кўплар шунақа қилишарди. Мен эса ёш эдим...

Шунда япон отам бунақа давлатга, бунақа жамиятга ишонмаслигини, солиқ тўланмайдиган жойда ривожланиш бўлмаслигини айтди. “Йўллар, касалхона, мактаблар қандай қурилади?”, деди. Шу гаплари қаттиқ таъсир қилган менга. Одамлар компаниямни яхши уйлар қуради, дейди. Лекин мен компаниям қурувчи компаниялар орасида энг кўп солиқ тўловчилардан экани билан кўпроқ фахрланаман.

Япониядан ўрганганларимдан бири шуки, солиқ тўлаш – шараф. Шу солиқлар ҳисобидан маош ва нафақалар берилади. Буни япон отам ўргатди.

Япон тилини ўрганиш қийинми?

– Япон тили бўйича 19 ёшимда Ўзбекистон биринчилигини олганман, 20 ёшимда Марказий Осиё талабалари ичида нотиқлик санъати бўйича биринчи ўринни олганман. Японияга биринчи келганимда мен билан японча гаплашган одам менинг япон эмаслигимни дарров сезмасди. Япон тили осон, ўзбек тилига ўхшаб, Олтой тиллар оиласига киради.

Ҳозир Японияда 3,5 мингта ўзбекистонлик ёшлар ишлаб, ўқиб юрибди, деган маълумотларни кўриб хурсанд бўлдим. Кимдир бу ердан илм олиб кетади, кимдир пул олиб кетади. Бундан ташқари, табиийки, дунёқарашлари ўзгаради, инсон қадрини кўришади. Япон халқи қизғанмайди, биладиганини ўргатади.

Мен Японияда олийгоҳда олган билимларимдан кўра шу ердаги инсонлардан олган нарсаларим кўпроқ ёрдам беради менга. Ҳеч қачон эскирмайдиган билимлар бор, шуларни кўпроқ орттириш керак. Ўқинг, ишланг, лекин дўст орттиринг, кўпроқ нарса ўрганинг.

Мурод Назаров билан йўл-йўлакай суҳбатдан иқтибослар

“Японияда нархлар ўзгармайди, 23 йилдан бери ўша-ўша нархлар, бор-йўғи 5 фоизга ошди. 23 йил олдин ўқиганман Японияда. Ўша пайтда стипендиямни иқтисод қилиб, пул йиғиб, Тошкентга қайтганимда Nexia олганман”.

“Олдин келганимизда ўзбекистонлик деб бизни яхши кўришарди. Яқинда япон танишларим билан гаплашсам, афсуски, Ўзбекистондан ҳар хил одамлар келяпти, дейишяпти. Кўпайса майли, лекин яхшимаслари ҳам келишяпти, дейишди. Шу томондан уялтириб қўйишяпти, ўғирлик қилганлар, тегажоғлик қилаётганлар бор экан”.

“Кўчаларда ахлат ташланганини кўриш мумкин ҳозирда, ҳаммасини чет элликлар ташлаган, япон ҳеч қачон кўчага ахлат ташламайди, шунча йил яшаб бирорта японнинг кўчага ахлат ташлаганини кўрмаганман.

Кўчада ҳам ахлатдонлар йўқ. Ўтган йили келганимда 10 километрча юриб қўлимдаги конфет пакетини ташлаш учун ахлатдон тополмадим. Сўрасам, эсингдан чиқдими, ахлатни ўзинг билан олиб, уйингда ташлашинг керак-ку, дейишди танишларим”.

“Ўзбекистондан анор, турли чақ-чуқлар олиб келдим яқинда. Анорни олиб қўйишди аэропортда. Чиройли қилиб тушунтиришди: бунинг ичида қандайдир қурт-қумурсқа бўлиб, Японияда тарқалса, экологияга таъсир қилади, шу сабаб олиб қоляпмиз, дейишди. Тўғри тушунганинг учун раҳмат деб узр ҳам сўрашди. Ўзи хатони мен қилганман”.

“Япон жамияти одамни тарбиялаб қўяди. Бу ерда жамиятнинг одоб-ахлоқ меъёрларидан ташқарида бўлиб қолиш, жамиятда ҳурматни йўқотиш – ўлим билан баробар деса ҳам бўлади.

Бир марта япон отам билан машинада кетаётувдик, бир одам йўлдан югуриб ўтиб кетди, шунда отам тормоз босиб, қўрқиб жуда кетди. Мен “ у ўзи нотўғри жойдан ўтди-ку”, десам, йўқ, фарқи йўқ, сен одам уриб юборсанг, барибир айбдорсан, йўл биринчи навбатда одамлар учун, машиналар учун эмас, мен одам уриб юборсам, жамиятдаги ўрнимни йўқотаман, тугайди бари, деган гапни айтган”.

Шокир Шарипов ва
Дилафруз Икромова тайёрлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани