Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси вакиллари Париж Олимпиадаси ташкилотчилари йўл қўйган камчиликлар ҳақида гапирди. Бу орада боксчи Баҳодир Жалоловнинг спортчилардан бирига қаратилган мурожаати пайдо бўлди. Унда боксчи барча шароитлар муҳайё қилинганини, овқатланишдан умуман муаммо йўқлигини айтган ва шароитлардан нолиган спортчини спортчи ўрнида кўрмаслигини айтган. Хўш, аслида Кападзе ва Файзуллаев нимадан норози бўлганди?
Париж олимпиадасида қатнашаётган боксчи Баҳодир Жалоловнинг Франция пойтахтида ўзбекистонлик спортчиларга яратиб берилган шарт-шароитлар ва бошқа ўзбек спортчилар хусусидаги кескин фикрлари муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жалолов Ўзбекистон 24 телеканали мухбири Дилобар Ёқубова билан суҳбатда ўзбек спортчиларидан бири Олимпиада вақтида озиқ-овқатдан нолиганини айтиб, у бундай спортчини спортчи ўрнида кўрмаслигини таъкидлаган.
“Масалан, мен 3 маҳал ўзбек овқатларини еяпман. Ош еяпман. Хоҳласам қўй гўшт, хоҳласам мол гўшт. Хоҳлаган овқатимни еяпман.
Бу гапни қайси спортчи гапирган, тўғриси, мен у спортчини спортчи ўрнида кўрмайман. Чунки юртбошимиз биз спортчиларга шунақа шароитлар яратиб беряпти. Биз бунга шукр қилишимиз керак. Ҳеч қайси давлатда бунақа шароит йўқ деб ўйлайман.
Хоҳласаларинг бориб, штабга кирасизлар, хоҳлаган овқатлар турибди. Ўзбекистонда ҳатто музқаймоқ, сувларгача келган.
Энди ношукрчилик қилсак, бу нотўғри бўлади. Бу гапни қайси спортчи гапирган билмадим, лекин ўша спортчи нонкўр экан”, — деган Баҳодир Жалолов.
Аслида нима бўлди?
Олимпиададаги иштирокини якунлаб, мамлакатга қайтиб келгандан сўнг эркаклар футболи бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе 5 август куни Тошкентда матбуот анжуманида қатнашди.
Кападзе саволларга жавоб бера туриб, Олимпиада вақтида шароитлар ҳақида ҳам гапирган. Мураббий Парижга учиб боргандан сўнг футболчилардан икки нафарининг багажи йўқолганини, аэропортдан Олимпия шаҳарчасига кетишда йўлда адашиб қолишгани ва 40 дақиқа автобусда қолиб кетишганини айтди.














