Юртимиз тараққиётининг дастлабки босқичида электр энергетика тармоғини модернизация қилиш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари асосан хорижий компаниялар томонидан амалга оширилган. Соҳани либераллаштириш, эркин бозор механизмларини жорий этишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугун тизимга маҳаллий, рақобатбардош инвестор компаниялар қаторида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ фаолият олиб бормоқда.
Корхонада жаҳонга машҳур энергетика компанияларининг шеф-инженерларини жалб қилган ҳолда, ўқув амалиётлари, тажриба алмашиш курслари натижасида юқори малакали маҳаллий мутахассислар гуруҳи шакллантирилди, натижада бугун 2 ярим мингга яқин техник мутахассислар электр станцияларининг барқарор фаолият юритишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ иссиқлик электр станцияларидаги 53 та энерго қурилмани мавсумга ҳозирлаш мақсадида мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишларини босқичма-босқич олиб бормоқда.
Жумладан, мамлакатимиз энергетика тизимида йирик электр станциялари ҳисобланувчи Тошкент ва Навоий иссиқлик электр станцияларида ҳам бу борада йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бу ерда замонавий энергоқурилмалар қаторида анънавий энергоблокларни модернизация қилиш, уларни рақамлаштириш ва ишлаб чиқаришда ёқилғи сарфини камайтириш бўйича ишлар якунига етказилди.
Тошкент иссиқлик электр станциясининг 9-сон энергоблокида мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Хусусан, таъмир ишлари давомида энергоблокнинг қозон қурилмаси, турбинанинг юқори ва паст босим роторлари ишчи кураклари, генератор ҳамда трансформаторларида ишлар олиб борилди.

Ушбу ишларни сифатли ва ўз муддатида амалга ошириш мақсадида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ 200 нафарга яқин малакали мутахассислари жалб этилди.
Ремонт кампаниясининг самарали ташкил этилиши натижасида ушбу энергоблокнинг ишлаб чиқариш қуввати 140 МВтдан 150 МВтга етказилди.

















