Жамият | 17:00 / 13.05.2024
4176
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекэнерготаъмир” электрстанцияларни мавсумга тайёрлаш жараёнлари ҳақида маълумот берди

Иссиқлик электр станциялари ва марказларида 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида жами 53 та объектда, шу жумладан, 14 та энергоблок, 28 та қозон қурилмаси, 7 та буғ-газ қурилмаси, 3 та газ-турбина қурилмаси ва 1 та турбогенераторда мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Бунда асосий пудратчилардан бири сифатида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ иштирок этмоқда.

Фото: Ўзбекэнерготаъмир

Мавсумга тайёргарлик жорий йилнинг феврал ойидан бошланган бўлиб, бугунги кунга келиб 1 та энергоблок, 2 та буғ-газ қурилмаси 3 та қозон агрегатида таъмирлаш ишлари якунланди. Айни кунларда 1 та буғ-газ қурилмаси, 5 та энергоблок ва 14 та қозон агрегатларида таъмир ишлари амалга оширилмоқда.

Режалаштирилган таъмир ишлари тўлиқ амалга оширилиши эвазига энергоқурилмаларнинг мавжуд қуввати 281 МВт ҳамда қозон қурилмаларининг ишлаб чиқариш қуввати 150 тонна-соатга оширилишига эришилади.

Айни пайтгача, Толимаржон ИЭС ва Тўрақўрғон ИЭСда йирик буғ-газ қурилмалари мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Бу ерда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ мутахассислари Япониянинг “Mitsubishi” компанияси муҳандислари билан биргаликда иш олиб боришди.

Иссиқлиқ электр станциялари тизимида анъанавий энергоблоклар таъмирига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, улар қиш мавсумида кузатиладиган совуқ об-ҳаво шароитида электр энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, Тошкент ИЭС мисолида олиб қарайдиган бўлсак, куни кеча корхонанинг 12-сонли анъанавий энергоблокида таъмирлаш ишлари якунига етказилди.

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ 200 га яқин мутахассислари иштирок этган ушбу жараёнда энергоблокнинг турбина ва қозон қурилмалари, трансформатор ва бошқа ёрдамчи ускуналарда таъмирлаш ва созлаш ишлари бажарилди.

Натижада, энергоблокнинг ишлаб чиқариш қуввати 120 МВтдан 155 МВтгача оширилган бўлса, қозон агрегатининг буғ ишлаб чиқариш кўрсаткичи 448 тонна-соатдан 528 тонна-соатгача оширилишига эришилди. Шунингдек қозоннинг фойдали иш коэффициенти 88,68 фоиздан 90,44 фоизгача оширилишига эришилди. Бунда асосий ёқилғи ҳисобланган табиий газ сарфи 140 млн. кубметрга иқтисод қилиниши таъминланади.

Ушбу юқори даражали технологик жараёнларда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ мутахассислари, электр станциялари шахсий таркиби ва айтиб ўтганимиздек, хорижий компаниялар шеф-муҳандислари фаол иштирок этмоқда.

Таъмир ишларини сифатли ва ўз муддатида бажаришдан кўзланган мақсад – аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш.

Таъкидлаш лозимки, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ бугун электр станциялари учун юқори даражали техник таъминот кўрсатувчи мутахассислар тизимига айланиб бўлди. Бунда тизимда малакали мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Мавзуга оид